Юртдошларимиз 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлайди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларининг мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш, вақтинча ишсиз қолган юртдошларимизни улар бўлиб турган мамлакатларнинг пандемиядан нисбатан камроқ зарар кўрган ҳудудларига ва карантин чекловлари сабабли чет элга ишга кетолмаган фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Натижада россиялик иш берувчилар ва масъул ташкилотлар билан келишган ҳолда кўплаб фуқароларимиз Россияга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилмоқда.
Мазкур келишувларга мувофиқ, Россиянинг Иркутск вилоятидаги уй қурилиши учун 50 нафар, шунингдек, Амур вилоятида Космодром атрофидаги қурилиш объектларида ишлаш учун 199 нафар юртдошимиз чартер рейс орқали жўнаб кетди.
Фуқароларнинг транспорт, овқатланиш, ишлаш учун рухсат берувчи патент ва яшаш ҳаражатлари, агарда ишчида касаллик аниқланса, унинг даволанишини иш берувчи компаниялар таъминлаши, шунингдек, уларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 40-60 минг рублни ташкил этиши белгиланган.
Юртдошларимиз 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлайди.