Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи кўриниш энг муҳим омилми?
16:51 / 2025-11-14

Жамият тараққий этгани сари ташқи омилларнинг ҳар бир деталига алоҳида эътибор кучайиб бормоқда. Албатта, бу ҳам ривожланишнинг бир бўлаги дермиз. Аммо баҳо ва хулосалар фақатгина ташқи омилга қараб берилиши бошлангани хавотирли.

Ҳеч бир миллатда бизчалик оила ва унинг анъаналари муқаддас саналмаса керак. 20 ва ундан юқори ёшдаги авлодлар яхши эслайди: мавсумий кийим-кечак сотиб олиниши-ю, уни ака-ука, опа-сингилларнинг алмашиб кийишларини. Дарвоқе, биз бунинг тўғри ёки нотўғри экани ҳақида фикр юритмоқчи эмасмиз.

Бугун атрофда либосга ҳаддан ташқари муккасидан кетганлар киши дилини хира қилади. Гап фақат кийиниш маданиятида эмас, балки кийим-кечак масаласида исрофгарликка йўл қўяётганлар ҳақида ҳам бормоқда.

— Мен ҳеч қачон дид билан, чиройли кийинишга қарши эмасман. Албатта, бу ҳам инсон кўрки. Фақат хилма-хил, бизга бегона бўлган маданиятга тақлид қилиб кийинадиганларни ҳам оқламайман. Яна бир оғриқли масала шуки, бу кийим деганлари кишиларнинг бир-бирига муносабатини ҳам ўзгартириб қўйди. Бу эса ачинарли, — дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи ҳамюртимиз Гавҳар Абдураҳмонова.

Дарҳақиқат, фақатгина ташқи кўринишга қараб чиқарилган хулоса ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Зеро, олтин ҳам тупроқ тагида бўлгани билан қиймати тушиб қолмаган. Шундай экан, ҳар нарсада меъёр мезонига амал қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Шербек Исломов, ЎзА