Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йиғилишида Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг 2025 йил якунлари бўйича самарадорлик кўрсаткичлари ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.
Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ, прагматик ва ташаббускор ташқи сиёсат натижасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланмоқда.
Таъкидланганидек, давлат бошқарувида самарадорликни баҳолашнинг замонавий тизимини жорий этиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва натижага йўналтирилган бошқарув маданиятини қарор топтириш мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Йиғилишда маълум қилинганидек, 2025 йил давомида Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти учун ҳар чорак учун 50 дан ортиқ самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган бўлиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича чоралар кўрилган.
Ташқи сиёсий фаолиятни иқтисодий устувор вазифалар билан уйғунлаштириш, хорижий инвестициялар ва халқаро сармояларни жалб этишда дипломатик ваколатхоналар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, Президентимизнинг 2026 йил 15 январдаги Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги топшириқларидан келиб чиқиб, вазирликнинг иқтисодий ҳамкорлик йўналишидаги фаолиятини янада кучайтириш, хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишида савдо-иқтисодий натижадорликни асосий устувор йўналиш сифатида белгилаш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш жараёнида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, таҳлил ва мониторинг механизмларини такомиллаштириш, молиявий ва ташкилий ресурслардан мақсадли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
М.Комилова, ЎзА