Кеча Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболи муҳокама қилинди.

Минтақавий муаммолар, жумладан Яқин Шарқдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шу куни Б.Аълоев Исроилнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустиг билан ҳам учрашди.
Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон – Исроил муносабатларининг жорий ҳолати, алоқаларни янада ривожлантиришга доир устувор йўналишлар, шунингдек БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, минтақавий муаммолар, хусусан Яқин Шарқдаги муаммоларни дипломатия воситалари ёрдамида бартараф қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ў.Алимов, ЎзА