English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи ишлар вазири A.Kомиловнинг АҚШ Давлат котиби M.Помпео билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида
15:00 / 2020-12-01

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Давлат котиби Ўзбекистон делегациясининг 2020 йил 16-20 ноябрь кунлари Вашингтонга амалга оширган ташрифи чоғида муваффақиятли ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларни олқишлади.

Ташриф давомида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича атрофлича фикр алмашилгани, амалий аҳамиятга эга келишувларга эришилгани қайд этилди.

М.Помпео Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар дастурини изчил қўллаб-қувватлашда собит эканини тасдиқлади.

Давлат департаменти раҳбари сиёсий маслаҳатлашувлар шакли Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик даражаси ва суръатини акс эттирувчи Стратегик шериклик мулоқотига ўзгаргани муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.  

АҚШ ва Ўзбекистон мазкур Мулоқот доирасида сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва хавфсизлик соҳаларида янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга интилади. Томонлар Ўзбекистонда олиб борилаётган бозор иқтисодиётига йўналтирилган сиёсат ва хусусийлаштириш жараёни мобайнида савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилган.

Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик, «С5+1» форматидаги ўзаро муносабатлар, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Суҳбат давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.