Жорий йил 13 февраль куни Президентимиз раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Ибрагимов Андижон вилоятида иш олиб бораётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан учрашди.
Жумладан, Отабек Ибрагимов Андижон туманидаги “Ипак йўли” эркин иқтисодий саноат ҳудудида бўлиб, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали иш юритишларига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидланди. Шунингдек, мулоқот давомида тадбиркорларга “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

Андижон вилоятининг табиий ресурслари, географик жойлашуви, меҳнат салоҳияти ва иқтисодий имкониятлари, айнан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимидан фойдаланиш самарали натижалар бераётганлиги алоҳида қайд этилди. Жумладан, ўтган 2025 йилда вилоятдаги 28 та тадбиркорлик субъекти ушбу режимдан фойдаланган. Уларга тегишли 108 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хомашё божхона ҳудудида қайта ишлаш учун жойлаштирилган, 408 миллион АҚШ доллар қийматидаги қайта ишлаш маҳсулотлари эса экспорт қилинган. Натижада тадбиркорларнинг 220 миллиард сўмдан ортиқ маблағи тежаб қолинган. Бу ўз навбатида маҳсулот таннархини арзонлаштириш, тадбиркор даромадининг ортишида муҳим омил бўлди.

Учрашувда товарларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими доирасида олиб кириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни ташқи бозорларга чиқаришда яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда мавжуд имтиёзлар тушунтирилди.

Мазкур режим тадбиркорларга ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада оширишда кенг имкониятлар бераётгани мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди.

– Учрашувда экспорт-импорт масалалари, хусусан, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими, унинг афзалликлари ва тартиблари ҳақида кенг маълумотлар олдик, – дейди Хўжаобод туманидаги текстиль корхонаси мутахассиси Алишер Бобоев. – Бу албатта, келгуси фаолиятимизни янада самарали олиб боришга, божхона ҳудудида қайта ишлаш режимидан фойдаланишни йўлга қўйишимизга ёрдам беради.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди, шунингдек, мавжуд муаммоларига ечим топиш бўйича уларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.