Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан мулоқот
15:07 / 2024-07-12

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов пойтахтимиздаги “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолияти божхона пости жойлашган “Highway Logistics Center” логистика марказида бир гуруҳ тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Сайёр учрашувда айнан мазкур пост орқали товарлари божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиладиган бир гуруҳ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ҳамда турли манфаатдор идоралар вакиллари иштирок этди.  

Т.Саидов бу каби мулоқотлардан кўзланган мақсад давлатимиз раҳбари томонидан божхона органлари олдига қўйилган устувор вазифаларни сўзсиз ва сифатли тарзда бажариш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига янада кенгроқ қулайликлар тақдим этиш ва уларнинг божхона қонунчилигидаги янгиликлардан хабардорлигини оширишдан иборатлигини қайд этди.  

Йиғилишда маълум қилинишича, пойтахтда ташқи савдо айланмаси йилдан-йилга ошиб бормоқда. Жумладан, 2024 йилнинг 1-ярим йиллигида ташқи савдо айланмаси 7,8 миллиард долларни ташкил этди. Эътиборли томони, бунда экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга ошиб 1,4 миллиард долларни ташкил этди.  

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида тадбиркорларга божхона тўловларидан 7,8 триллион сўмлик имтиёзлар қўлланилди. Шунингдек, 80 нафар тадбиркорга 865 миллиард сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди.  

Йиғилишда мазкур кўрсаткичларни янада оширишга халал бераётган айрим жиҳатлар юзасидан ҳам тўхталиб ўтилди. Масалан, биргина “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорларнинг 4,3 мингдан зиёд партиядаги 117 минг тонна товарлари ҳамон божхона назорати остида қолмоқда.  

Қиймати салкам 215 миллион АҚШ долларини ташкил қилувчи товарлар тезкорлик билан ўз вақтида божхона расмийлаштирувидан ўтказилганда, давлат бюджетига тахминан 163,7 миллиард сўм божхона тўловлари ундирилиши мумкин.  

Бундан-да муҳими, мазкур товарлар, шу жумладан хомашё ва технологиялар божхона омборида тураётган ҳар бир куни учун тадбиркорга қўшимча харажатларни юзага келтиради.  

Ваҳоланки, божхона назорати остида қолаётган ушбу товарлар тезроқ ишлаб чиқариш ва савдо жараёнларига жалб қилинса, тадбиркорлар учун ҳам, юртдошларимиз ҳам наф келтириши, шубҳасиз.  

Очиқ мулоқотда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан амалиётда учраётган муаммолар ва мунозарали ҳолатлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.  

Кўтарилган масалаларни тезкорлик билан жойида ҳал қилиш юзасидан масъулларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.  

Ш.Маматуропова,  

ЎзА