Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташқи дипломатия
18:48 / 2025-09-09

ЎзА “Ташқи дипломатия” рукни орқали давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчиларимиз томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

АҚШ. Чикаго шаҳрида Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари ўтказилди. Йиғин Қўшма Штатлардаги элчихонамиз ва мазкур шаҳардаги ўзбек диаспораси фаоллари билан биргаликда ташкил этилди.

Тадбирда ижро этилган ўзбек миллий куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашиб, йиғилганларга ўзбекона дастурхон ёзилди.

Беларусь. Витебск шаҳрида “Ўзбекистон - Беларусь: ҳамкорлик барқарор ривожланиш омили сифатида” номли икки ўлка тадбиркор аёлларининг учинчи бизнес-форумининг ялпи мажлиси ўтказилди. Анжуман доирасида 140 миллион АҚШ доллардан ортиқ қийматга эга 10 та тижорат битими, 3 та англашув меморандуми, 27 та шартнома ҳамда 4 та “йўл харитаси” имзоланди.       

Ялпи мажлис якунида Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг учинчи бизнес-форуми декларацияси қабул қилинди. 

Буюк Британия. Дипломатимиз Равшан Усманов Лондон Савдо-саноат палатаси раҳбари Майкл Майнелли ва “Fitch Ratings” агентлигининг суверен ва халқаро ташкилотлар рейтинги бўйича бошқарувчи директори Жеймс Лонгсдон билан учрашув ўтказди.

Ўзаро мулоқот давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Лондон Савдо-саноат палатаси ҳамда мамлакатимиз компаниялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш таклифи билдирилди. Шунингдек, ўлкамизнинг суверен кредит рейтингини янада яхшилаш истиқболлари хусусида фикр алмашилди. 

Эрон. Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев Форс вилоятига ташрифи давомида вилоят губернатори Ҳуссейн Али Амирий билан учрашди. Мулоқот аввалида ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқалари учун муҳим ўрин эгаллаши таъкидланди.

Томонлар икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон ва Эрон ҳудудлари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил қилиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Франция. Жорий йилнинг 11-14 сентябрь кунлари Париж шаҳрида “Халқаро гасрономик қишлоқлар” форуми ўтказилади, деб хабар бермоқда ушбу давлатдаги элчихонамиз матбуот хизмати. 

– Тошкентлик ошпазларнинг хушбўй таомлари ва Буюк Ипак йўлининг минг йиллик дурдонаси ҳисобланмиш ҳунармандчилик намуналарини айнан шу ерда кўришингиз мумкин, -дейилади форум сайтида.

Германия. Элчи Дилшод Ахатов ГФРнинг Тюрингия федерал минтақасига ташрифи давомида ушбу ҳудуд раҳбари Марио Фойгт, ландтаг (парламент) раиси Тадеус Кёниг, Иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги давлат котиби Марио Зукерт ҳамда Герадаги Шарқий Тюрингия савдо-саноат палатаси раиси Петер Хёнелар билан учрашди.

Учрашувда Тюрингия федерал минтақаси билан кўплаб соҳаларда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, бизнес делегацияларининг ўзаро ташрифи, немис компанияларининг Ўзбекистондаги ярмарка-кўргазмаларда иштироки, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, дуал касбий таълим ва туризм соҳаларида кооперацияни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Ҳиндистон. Деҳли шаҳрида Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) ва Ҳиндистон халқаро муносабатлар кенгаши (ICWA) ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш бўйича вебинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистоннинг Деҳлидаги ва Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихоналари вакиллари иштирок этди. Томонлар ушбу ҳужжат икки ўлка ўртасидаги экспертлар даражасидаги мулоқотни кенгайтириш ва институционал алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам эканини қайд этишди.

Польша. Варшавадаги элчихонамизда Польша Хотин-қизлар савдо-саноат палатаси (PWCC) президенти Патрисия Клаудия Митро ва унинг халқаро маслаҳатчиси Слим Ароус билан учрашув ўтказилди.

Олиб борилган музокаралар якунида юртимиздаги “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ва PWCC ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Туркия. Анқарадаги элчимиз Илҳом Ҳайдаров Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) раиси Абдуллаҳ Эрен билан учрашув ўтказди.

Самимий руҳда кечган мулоқот давомида томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги бугунги муносабатлар ва икки қардош ўлка тараққиёти учун хизмат қиладиган кўп қиррали ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.

Япония. Диёримизнинг Токиодаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Нара префектураси кенгаши депутати Мицунори Сато билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида Самарқанд вилояти ва Нара префектураси ўртасида савдо-иқтисодий, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўткир Алимов тайёрлади.

ЎзА