Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳолашдан ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги баҳолаш натижалари бўйича “Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри”ни шакллантирди.
2023 йилда 62 давлат ташкилотининг рўйхати шакллантирилди ва уларга “E-Anticor.uz” электрон платформасидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Баҳолаш ишлари давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан ташкиллаштирилиб, баҳолаш натижаси юзасидан маълумотлар электрон платформага киритилди.
Агентлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, жорий йил 10 апрель ҳолатига коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш юзасидан электрон платформага юборилган маълумотлар асосида 39 вазирлик ва идора учун коррупциявий хавф-хатарлар хариталари тўлиқ шакллантирилган.
Вазирлик ва идораларнинг фаолиятига доир умумий 1701 функция баҳолашдан ўтказилиб, коррупциявий хавф-хатарлар даражаси 177 функцияда “юқори”, 475 функцияда “ўрта”, 1049 функцияда “паст” баҳоланган.
Таҳлиллар айрим давлат ташкилотлари томонидан барча функциялар тўлиқ баҳолашдан ўтказилмагани, баҳолашда ташкилотнинг аксарият функциялари асоссиз паст баҳолангани, шунингдек, ташкилот раҳбарияти томонидан мазкур амалиётга етарлича эътибор қаратмаганини кўрсатган.
Хусусан, Адлия вазирлигида 208 функциядан 24 (11,5 фоиз), Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 107 функциядан 51 (47,6 фоиз), Оила ва хотин қизлар қўмитасида 60 функциядан 12 (20 фоиз), Кадастр агентлигида 116 функциядан 12 (10,3 фоиз) ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида 88 функциядан 10 (11,3 фоиз)гина баҳолашдан ўтказилган.
Транспорт вазирлигида платформага киритилган 72 функциядан 66, Статистика агентлигида 55 функциядан 51, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида 118 функциядан 115 ва “Ўзбекистон темир йўллариʼ” акциядорлик жамиятида 42 функциядан 40 таси паст баҳоланган.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларда амалга ошириладиган функцияларнинг ягона рўйхати шакллантирилмасдан электрон платформага маълумотларни киритишда ҳокимликлар томонидан турлича ёндашилган.
Жумладан, Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан 155, Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан 198, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан 35 ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эса 13 функция баҳолашдан ўтказилган.
Таъкидлаш лозимки, 23 вазирлик ва идора фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш натижаси юзасидан маълумотлар электрон платформага киритилмаган ва шу сабабли улар учун коррупциявий хавф-хатарлар хариталари шакллантирилмади.
Айтиб ўтиш керакки, бу амалиётни сифатли амалга ошириш коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган соҳаларни, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини барвақт аниқлаш ҳамда олдини олиш имконини беради.
Баҳолаш якунлари бўйича агентлик томонидан давлат ташкилотларига коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва бартараф этиш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги камчиликларнинг олдини олиш борасида амалий ёрдам берилади.
Ижобий натижаларга эришган давлат ташкилотларининг тажрибаси кенг оммалаштирилади.
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ишларини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш чораларини кўрмаган давлат ташкилотлари раҳбарларининг ахборотлари Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида эшитилади ва муҳокама қилинади.
Н.Абдураимова, ЎзА