Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ҳамда уларнинг мантиқий билимларини ошириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий билимларини ва нутқий маданиятини ошириш мақсадида Қашқадарё вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёш ходимлар ўртасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Қашқадарё вилояти Кенгаши томонидан “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Турнирда корхона- ташкилотларда фаолият юритаётган ишчи ходимлардан ташкил топган “Тиббиёт билимдонлари”, “Устозлар”, “Тадбиркорлар”, “Смарт”, “Қурувчилар” каби 8 та жамоа ўзаро баҳслашди.
Турнирни очиқ ва шаффоф ўтказиш, жамоаларни кузатиб бориш мақсадида низом қоидалари асосида комиссия аъзолари ўйинни кузатиб бордилар. Иштирокчиларга ҳар бир савол учун бир дақиқа вақт берилди. Турнир 2 турда бўлиб ўтди.
Биринчи ўринни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси вилоят ташкилотининг “Устозлар” жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Ўзбекистон энергетика нефт-газ ва геология ходимларининг “Смарт” жамоасига насиб этди. Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмитасининг “Ёшлар” жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
[gallery-24872]
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари