Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташкилий масалалар муҳокама қилинди
11:25 / 2026-01-13

Андижон давлат университетида Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта рассомлар фестивали ўтказиб борилиши белгиланди. 

Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, Ўзбекистон Бадиий академияси вакиллари, Андижон давлат университетининг ижодкор профессор-ўқитувчилари, талабалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда фестивални ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, фестивалнинг асосий йўналиш ва концепциясини белгилаш, иштирокчиларни жалб этиш, саралаш механизмлари, номинациялар кесимида баҳолаш мезонлари, шунингдек, тадбирни шаффоф ва юқори савияда ўтказишга оид ташкилий жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда тадбир мазмунини бойитиш, унинг нуфузини янада ошириш ҳамда ижодкорлар учун ўз иқтидор ва маҳоратларини намоён этиш имконини берадиган самарали ижод майдони сифатида ташкил этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳамда режалар белгилаб олинди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган фестиваль доирасида бешта – “Гран-при”, “Энг яхши рангтасвирчи рассом”, “Энг яхши ҳайкалтарош”, “Энг яхши фоторассом” ва “Энг яхши график рассом” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари.