Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Tashkent Pharma Park" ҳудудида Ananta Medicare иштирокида янги фармацевтика лойиҳаси амалга оширилади
16:44 / 2025-12-30

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан қўллаб-қувватланаётган инвестиция лойиҳаси доирасида “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳудудида Ananta Medicare компанияси иштирокида замонавий фармацевтик ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш учун 3,38 гектар ер майдони ажратилган. Ишлаб чиқариш жараёнлари халқаро GMP стандартлари талабларига тўлиқ мувофиқ ташкил этилади.

Лойиҳа доирасида стерил инъекцион препаратлар (ампула ва флаконлар), инъекцион, қаттиқ ва суюқ шаклдаги дори воситалари, фитотерапевтик препаратлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Лойиҳанинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти фармацевтика тармоғида янги иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, илғор технологияларни жорий этиш, ички бозорни маҳаллий дори воситалари билан таъминлаш ҳамда соҳанинг экспорт ва инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашдан иборат.

Маълумот учун, Ananta Medicare 1999 йилда Ҳиндистонда ташкил этилган халқаро фармацевтика компанияси бўлиб, Ҳиндистон, АҚШ, Буюк Британия, Украина, Қозоғистон, Ўзбекистон, БАА ва Филиппин давлатларида фаолият юритади ҳамда Европа ва Осиё бозорларига фармацевтика маҳсулотлари етказиб беради.

Моҳигул Қосимова, тайёрлади, ЎзА