Пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида ўтказилган “Tashkent Open judo kids-2023” халқаро турнирида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
“Ёшлар куни” муносабати билан 2011-2012 ва 2013-2014 йилларда туғилган болалар ўртасидаги турнирда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина ва мамлакатимизнинг 600 нафардан зиёд иқтидор эгалари қатнашди. Ёш дзюдочилар 22, 26, 30, 34, 38, 42, 46, 48, 50, 52, 55, +55, 57, 63, 70, +70 килограмм вазн тоифаларида совринли ўринлар учун кураш олиб борди.


Ёш спортчиларни саралаш, танлаш мақсадида кечган баҳслар чинакам байрам кўринишини олди. Мусобақалар якунига кўра, мамлакатимиз ёш дзюдочилари 8 та олтин, 5 та кумуш, 13 та бронза медали билан умумжамоада 1-ўринни эгаллаган бўлса, 2-ўрин 1 та олтин, 3 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритган Қозоғистон терма жамоасига, 3-ўрин 1 тадан олтин-кумуш-бронза медаллари соҳиби бўлган Қирғизистон вакилларига насиб этди.


Т.Рўзиев, ЎзА