English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Tashkent Open-2019” бош соврини Бельгияга йўл олди
17:52 / 2019-09-29

Бир ҳафта давомида Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортлари аёллар ўртасида WTA туркумига кирувчи анъанавий “Tashkent Open” халқаро турнирига мезбонлик қилди. 21-бор ўтказилган мусобақада бош совринни бельгиялик Алисон Ван Эйтванк қўлга киритди.


Бир ҳафта давомида Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортлари аёллар ўртасида WTA туркумига кирувчи анъанавий “Tashkent Open” халқаро турнирига мезбонлик қилди. 21-бор ўтказилган мусобақада бош совринни бельгиялик Алисон Ван Эйтванк қўлга киритди. Бу ҳақида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бироз аввал жорий йил ушбу мусобақа сўнгги маротаба ўтказилаётгани ва у тарихга муҳрланиши ҳақида хабарлар чиққанди. Ўз навбатида мусобақа ташкилотчилари ҳам сўнгги бор ташкил этилаётган “Tashkent Open” турнирини ҳар қачонгидан юксак савияда ўтказишга астойдил ҳаракат қилишди.

photo_2019-09-29_17-56-01.jpg

“Tashkent Open” халқаро турнири ҳамиша юксак савиядаги ташкилотчилиги билан ном қозонган. Шу боис унда иштирок этиш истагини билдирувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Жорий йил ҳам Тошкент кортларида аввалги мусобақаларда ғолиб чиққан чемпион теннисчилардан 6 нафари яна бош соврин учун курашга киришди. “Tashkent Open-2019”да аввалги чемпионлардан Маргарита Гаспарян (Россия), Кристина Плишкова (Чехия), Ирина-Камелия Бегу, Сорана Кирстя (ҳар иккаласи ҳам Руминия), Екатерина Бондаренко (Украина) ҳамда Полен Парментье (Франция) тарихда иккинчи бор ушбу мусобақа ғолибига айланиш йўлида баҳсларга киришди. Эътиборлиси, ўтказилган 20та турнирда ҳеч бир теннисчига икки бор мусобақа ғолиби бўлиш насиб этмаганди ва бу анъана сўнгги маротаба ташкил этилган мусобақада ҳам кузатилди.

Жорий йилги турнирда учинчи тартиб рақами билан қайд этилган бельгиялик Алисон Ван Эйтванк финалда собиқ чемпион Сорана Кирстя устидан уч сетда 6/2, 4/6 ва 6/4 ҳисоби билан ғолиб чиқди ва “Tashkent Open” халқаро турнирининг бош совринини қўлга киритди. Ушбу ғалаба эвазига бельгиялик ракетка устаси 43 000 АҚШ доллари ҳамда 280 рейтинг очкосини ишлаб олди.

Турнирнинг ёпилиш маросимида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Шариф Мўминжонов иштирок этди.

“Tashkent Open-2019”. Финал

Алисон Ван Эйтванк (Бельгия, 3) – Сорана Кирстя (Руминия, 8) – 6/2, 4/6, 6/4