French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Tashkent оpen”: 2-турдан сўнг 22 нафар шахматчи етакчилик қилмоқда
10:12 / 2025-03-22

Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Агзамов хотирасига бағишланган XVIII “Tashkent оpen” халқаро турнири давом этмоқда.

Кеча якунланган 2-тур ўйинларидан сўнг 22 нафар шахматчи 2 очко билан етакчиликка даъвогарлик қилаётган бўлса, улар орасида 5 нафар ўзбекистонлик шахматчилар – Абдумалик Абдусаломов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Саидакбар Саидалиев, Ҳумоюн Бекмуратов, Алмас Раҳматуллаев юз фоизлик имкониятга эга бўлиб турибди.

Айтиш лозим, ўн саккизинчи маротаба ташкил этилаётган турнирнинг бу йилги мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ доллари этиб белгиланган. 10 турдан иборат турнирда иштирокчилар икки гуруҳда иштирок этмоқда. “А” гуруҳида 1800 ва ундан юқори рейтинглилар, “В” гуруҳида рейтинги 1999 ва ундан паст шахматчилар.

“А” ва “Б” гуруҳларининг ҳар бирида 150 нафар иштирокчи дона сураётган бўлса, “А” гуруҳида ҳиндистонлик Ниҳал Сарин (2687) биринчи рақам остида, ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов иккинчи рақам орстида таснифланган.

Ортда қолган 1- ва 2-тур ўйинларида Сарин битта ютуқ ва 1 та дуранг билан 1,5 очко жамғаришга муваффақ бўлган вазиятда Шамсиддин Воҳидов иккита турда ҳам дурангга эришиб, 1 очкога эга бўлиб турибди.

Бугун, 22 март куни ўтказиладиган 3-тур ўйинларида Муҳаммадзоҳид Суяров оқ доналарда қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига 2 очко билан турнирда етакчилик қилаётган венгриялик Санан Сюгиров билан куч синашади.

Ўзбекистонлик шахмат ишқибозлари учун 3-турдаги эътиборга молик ўйинлар сифатида Цзинъяо Тин (Хитой)-Саидакбар Саидалиев, Ҳумоюн Бекмуратов-Рудик Макарян (ФИДЕ), Абдумалик Абдусалимов-Алмас Раҳматуллаев, Султанбейбарис Думанули (Қозоғистон)-Шамсиддин Воҳидов учрашувларини қайд этиш мумкин.

Турнир 30 мартга қадар давом этади.

 Т.Рўзиев, ЎзА