Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Tashkent Law Spring”: Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва ҳуқуқий жараёнларни автоматлаштириш
13:09 / 2025-05-30

Тошкентда ўтказилаётган “Тошкент ҳуқуқ баҳори” (“Tashkent Law Spring”) халқаро юридик форуми ўз ишини давом эттирмоқда.

Форумда 40 дан ортиқ давлатдан адлия вазирлари, тартибга солувчи органлар вакиллари, йирик халқаро ҳуқуқшунослар, Legal Tech соҳасининг етакчи экспертлари, IT мутахассислар ҳамда бизнес вакиллари иштирок этмоқда.

“Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар” – форумнинг асосий мавзуси сифатида танлаган.

Форум доирасида долзарб мавзуларда сессиялар бўлиб ўтмоқда. Уларда бири – сунъий интеллект ва одам арбитражда мавзусига бағишланди. 

Айтиб ўтиш керакки, жаҳон миқёсидаги машҳур арбитраж экспертлари сунъий интеллектнинг халқаро низоларни ҳал қилишга трансформацион таъсирини ўрганади.

"Сунъий интеллект ёки одам: арбитражда ким ғолиб бўлади?" сессияси беш нафар таниқли амалиётчини бирлаштирди. 

Ўзгараётган ҳуқуқшунослик касби, сунъий интеллект имкониятлари, аммо мисли кўрилмаган самарадорлик билан бирга ахлоқ, махфийлик ва адолатга қатъий риоя қилиш шартлари каби долзарб масалалар бўйича фикр алмашилди. 

“Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар” мавзусидаги сессияда нотариат соҳасида замонавий технологияларни янада кенгроқ қўллаш ва амалдаги муаммоларни таҳлил қилиш, хорижий давлатларнинг нотариат соҳасидаги илғор тажрибаларини ўрганиш, уни кенгроқ татбиқ этиш ҳамда соҳани янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳокама майдони яратилди. 

Халқаро нотариуслар иттифоқи президенти Лианел Галлиез мазкур тузилманинг Европа, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича вакиллари, Франция, Германия, Венгрия, Россия, Сингапур, Озарбайжон, Арманистон, Грузия каби давлатларнинг нотариат соҳаси масъуллари, мамлакатимизда фаолият олиб борувчи 90 нафар нотариус иштирок этди.

Тадбирда нотариат соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар, жумладан, нотариал хизматларни кўрсатишда киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш, рақамли дунёда нотариуснинг ижтимоий масъулияти, нотариат соҳасида электрон ҳужжат алмашув ва рақамли технологияларни қўллаш, масофадан нотариал хизматларни кўрсатиш ҳамда нотариатнинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни каби мавзуларда фикр алмашилди. 

Форум иштирокчиларига Ўзбекистонда нотариат соҳасини рақамлаштиришда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, онлайн нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи “E-notarius.uz” ахборот тизими жорий этилгани, нотариал ҳаракат расмийлаштириш учун фуқаролардан талаб қилинадиган ҳужжатлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали нотариус томонидан мустақил равишда олиниши йўлга қўйилгани айтиб ўтилди. 

Адлия вазирлиги томонидан нотариат соҳасида амалга оширилган ишлар ва Ўзбекистон Нотариал палатаси фаолиятини ёритиб берувчи китобча ва кўргазмалар ташкил этилди.

Форум доирасида ўтказилган “LegalTech 2025: ҳуқуқий жараёнларни автоматлаштириш” мавзусидаги сессияда юридик касбнинг замонавий ҳолати ва муаммоларини таҳлил қилиш, хорижий LegalTech соҳасида мавжуд илғор тажрибаларни ўрганиш, уни кенгроқ татбиқ этиш ҳамда сунъий интеллект асрида ҳуқуқшунослик касбини янада такомиллаштиришга эътибор қаратилди. 

Тадбирда хорижий ҳуқуқшунос мутахассислар ва мамлакатимизнинг юридик муассасалари томонидан LegalTech соҳасидаги муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, генератив сунъий интеллектнинг ҳуқуқий амалиётдаги ўрни, АҚШда юристларнинг 71 фоизи томонидан сунъий интеллект (СИ) технологиялари жорий қилингани, Германияда LegalTech компаниялари орқали жамоавий ҳуқуқий ҳимояни амалга ошириш, Европа Иттифоқида СИ технологияларини қўллашдаги ҳуқуқий хавф-хатарлар, биометрик маълумотларни регламентлаш бўйича халқаро тажриба, мижозлар билан ишлашда янги ёндашувлар каби мавзуларда фикр алмашилиб, бу борада ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Иштирокчилар Ўзбекистонда ҳуқуқий хизматларни рақамлаштириш йўлга қўйилгани, овоз орқали савол-жавоб тизими жорий этилгани каби янгиликлар билан таништирилди. Мамлакатимизда ҳуқуқий технологияларнинг имкониятларини очиб берувчи рақамли ечимлар ва платформаларнинг намойиши ташкил этилди.

Форум доирасида Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Адолат» Миллий ҳуқуқий ахборот маркази билан халқаро ҳуқуқшунослик муассасалари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режасини имзолаш масаласи муҳокама қилинди. Мазкур келишув билан ҳуқуқшуносларнинг халқаро стажировкаларини ташкил этиш, хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда LegalTech лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Бундай кенгайтирилган ва профессионал форматдаги тадбир Ўзбекистон ва хорижий давлатларда ҳуқуқшунослик фаолияти сифатини оширишга қаратилган рақамли ислоҳотларни комплекс ва чуқур муҳокама қилиш, жаҳондаги янги тенденцияларни таҳлил қилиш имконини бермоқда. 

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА