Бугун Тошкентда “Tashkent Law Spring” иккинчи Халқаро ҳуқуқий форуми ўз ишини бошлади.
Форум янгича, яъни гибрид форматда, чет эллик меҳмонларнинг масофавий ва миллий экспертларнинг бевосита иштирокида ўтказилмоқда.
Форумнинг асосий мавзуси - Ҳуқуқ 4.0. (Тўртинчи саноат инқилоби шароитида ҳуқуқнинг кўриниши).
Жаҳон иқтисодий форуми томонидан тўртинчи саноат инқилоби технологияларининг аксарияти 2027 йилга келиб кундалик ҳаётга айланишини тахмин қилинган эди. Лекин Covid-19 нинг тарқалиши билан боғлиқ пандемия бу жараённи сезиларли даражада тезлаштирди.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов бундай шароитларда ҳуқуқшунослар зиммасига ҳуқуқий институтлар ва воситаларни янги муҳитга мослаштиришдек муҳим вазифалар юкланганини қайд этди.
[gallery-2144]
- Олдинги 2019 йилдаги I форумда мен бўлажак муносабатларни 10-15 йил илгарироқ прогноз қилиш орқали уларга тегишли механизмларни олдиндан формулалар яратишни тавсия қилгандим, - деди Р.Давлетов. - Лекин пандемиянинг бу даражада глобал бўлиши ва инсониятни ўзгартириб юбориши ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаган эди. Барча соҳа ходимлари бундай глобал муаммога тайёр эмаслиги яққол кўзга ташланди ва инсон прогнозлари табиат ва борлиқнинг режалари олдида ҳеч нарса эмаслиги билиниб қолди. Шу билан бирга, янги муҳит тез ўзгариб туради, бу нафақат мослашишни, балки қонунчиликни келажакдаги ўзгаришларга тайёр бўлишини талаб этади, шу боис, нима ўзгарган тақдирда ҳам биз фундаментал инсон ҳуқуқларига диққат билан риоя қилишимиз шарт.
“Tashkent Law Spring” Халқаро ҳуқуқий форуми замонавий тенденцияларни муҳокама қилиш ва ҳуқуқни янада ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ноёб майдонча ҳисобланади.
Айтиб ўтиш керакки, форумда 25 дан ортиқ мамлакат ва 20 та халқаро ташкилот вакиллари маърузачи сифатида иштирок этади.
Форум тафсилотлари ҳақида хабарлар беришни давом эттирамиз. Бизни кузатиб боринг.
Норгул Абдураимова, ЎзА