Тошкент шаҳрида шу йил 22-23 апрель кунлари “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бўлиб ўтади.
Форум Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида иккинчи маротаба ташкил этилмоқда.
Халқаро доирадаги нуфузи тадбирда ҳуқуқни ривожлантириш муаммолари ва замонавий тенденциялари муҳокама қилинади. Бунинг учун етакчи халқаро ва маҳаллий экспертларни жамлаган ҳолда очиқ мулоқот майдончаси яратилади. Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият форум орқали Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар билан танишади.
Бу галги форумнинг бош мавзуси “Ҳуқуқ 4.0”, деб номланиб, унда тўртинчи саноат инқилоби даврида ҳуқуқ қандай бўлиши кераклиги муҳокама марказида бўлади.
Форумда бир қатор хорижий мамлакатларнинг адлия вазирлари, суд ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари иштирок этади. Бундан ташқари, адвокатлар, юриспруденция, иқтисодиёт соҳаларидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар қатнашиши кутилмоқда.
Форумда давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ технологиялари, умумий (инглиз) ҳуқуқи тизими, пандемия чекловлари даврида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, сиёсатни амалга ошириш, судларнинг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб мавзуларда муҳокама сессиялари ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, давлат хизматлари, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, адвокатура ва нотариатни ривожлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтади.
Форумнинг асосий тили ўзбек тили. Инглиз ва рус тилларига синхрон таржима амалга оширилади.
Н.Абдураимова, ЎзА