Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми сизни кутмоқда
11:48 / 2021-04-14

2021 йил 22-23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бўлиб ўтади.

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева ҳуқуқ соҳасига қизиқиши бўлган фуқаролар, шу жумладан, ҳуқуқшуносларни форумнинг мақсади, унда иштирок этиш шартлари билан таништиради:

Айтиб ўтиш керакки, ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида иккинчи маротаба ташкил этилмоқда.

Мазкур юридик форум ўтказилиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 21-бандида белгилаб қўйилган.

Форумнинг мақсади қандай?

Мазкур форумни ташкил этишдан мақсад – ҳуқуқни ривожлантириш муаммолари ва замонавий тенденцияларини муҳокама қилиш учун етакчи халқаро ва маҳаллий экспертларни жамлаган ҳолда очиқ мулоқот майдончасини яратиш, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни намойиш этишдан иборат.

Форум тарихи

Мазкур Халқаро юридик форум илк бор 2019 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган эди. Унда жами мингдан ортиқ ҳуқуқ соҳаси вакиллари ва экспертлар, шу жумладан, 40 хорижий мамлакат ва халқаро ташкилотдан 250 нафарга яқин мутахассис иштирок этган.

2019 йилдаги форумда Корея, Сингапур, Россия, Беларус, Саудия Арабистони, Озарбайжон, Афғонистон каби мамлакатларнинг адлия вазирлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Австралия, Арманистон, Германия, Ирландия, Италия, Франция, Нидерландия, Швейцария, Полша, Канада, Украина, Молдова, Латвия, Литва, Грузия, БАА, ХХР, Япония, Сербия, Словения, Ҳиндистон, Малайзия, Малта, Туркия, Шри-Ланка, Қозоғистон каби давлатлардан экспертлар қатнашган.

Бу йилги форумнинг бош мавзуси қандай?

Бу йил ташкил этилаётган II Халқаро юридик форумнинг бош мавзуси «Ҳуқуқ 4.0» (Ҳуқуқ тўртинчи саноат инқилоби даврида), деб номланади.

Форумда кимлар иштирок этади?

II Халқаро юридик форумда бир қатор хорижий мамлакатларнинг адлия вазирлари, суд ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция, иқтисодиёт соҳаларидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертларнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Қандай мавзулар доирасида муҳокама бўлиб ўтади?

Форумда давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, LegalTech ва LawTech (ҳуқуқ технологиялари), умумий (инглиз) ҳуқуқи тизими, Коронавирус чекловлари даврида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, сиёсатни амалга ошириш (policy implementation), рақамлаштирилган даврда судларнинг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб мавзуларда муҳокама сессиялари ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, давлат хизматлари, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, адвокатура ва нотариатни ривожлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жаҳондаги эпидемиологик вазият ҳисобга олган ҳолда бу йилги Халқаро юридик форум онлайн тарзда видео анжуман, яъни онлайн шаклида ўтказилиши режалаштирилган.

Форумда иштирок этиш шартлари қандай?

“Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форумида иштирок этиш ПУЛЛИК.

Форумда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш www.tashkentlawspring.uz сайти орқали амалга оширилади.

Форумда онлайн иштирок этиш нархлари:

- хорижий иштирокчиларга 50 АҚШ доллари;

- миллий иштирокчиларга 500 000 сўм.

Онлайн иштирок этиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

- форум расмий дастурининг барча тадбирларида онлайн қатнашиш;

- бир ой ичида Форум расмий дастурининг онлайн тадбирларини ёзиб олиш.

Қуйидаги шахсларга Форумда текин онлайн иштирок этиш имконияти берилади:

- Тошкент давлат юридик университети ҳамда бошқа давлат олий таълим муассасаларининг юридик факультет талабалари (200 та биринчи рўйхатдан ўтганлар);

- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган адвокатлар, ташкилотларнинг юридик хизматлар ходимлари (100 та биринчи бўлиб рўйхатдан ўтганлар);

- ташкилотчи алоҳида таклиф қилган бошқа шахслар.

Форумда иштирок этишни бекор қилиш шартлари:

- 2021 йил 15 апрелгача Форумда иштирок этишдан бош тортган иштирокчиларга тўланган сумманинг 20 фоизи ушлаб қолинган ҳолда қайтарилади;

- 2021 йил 15 апрелдан бошлаб тўланган сумма қайтарилмайди.

Форум ўтказиш тили

Форумнинг асосий тили - ўзбек тили. Инглиз ва рус тилларига синхрон таржима амалга оширилади.

“Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форумига марҳамат!

 

ЎзА