Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Tashkent Index” комплексида 10 минг талабага мўлжалланган вақтинчалик ётоқхона ҳозирланмоқда
09:44 / 2022-09-13

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Мўмин Ибодовнинг маълум қилишича, пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги “Tashkent Index” мажмуасида 10 минг талаба учун вақтинчалик ётоқхона ҳозирланмоқда. Эҳтиёжга қараб жой 20 мингтагача кўпайтирилади. Бу ерда ошхона, ҳаммом ва кир ювиш хоналари ҳам ташкил этиляпти.

Тошкентда қурилиши керак бўлган ётоқхоналар бунёд этилиб, тайёр бўлгунга қадар савдо мажмуаси вақтинча ётоқхона вазифасини бажаради. 

– Шу ҳафта давомида олий таълим муассасалари раҳбариятлари ётоқхонада туриш истагидаги талабалар рўйхатини шакллантиради, – дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Мўмин Ибодов. – Кейинги ҳафтадан эса кўчиш жараёни бошланади. Талабалар бу ерда ўқув йили якунигача яшаб туриши кўзда тутилмоқда. Катта савдо комплексини ётоқхонага айлантириш осон иш эмас. Ҳамма харажат ва ҳаракат шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга ошириляпти. 



Таъкидланишича, ётоқхона ва унга яқин бўлган метро бекатлари орасидаги масофа 1,5−2 кмни ташкил қилади. Талабаларнинг вақтида ўқишга бориши ва ётоқхонага қайтиши учун автобуслар йўлга қўйилади. 

Ўнлаб автобуслар ётоқхонага яқин бўлган бир қанча метро станцияларига бириктирилиб, талабаларни тақсимланган ҳолда олиб боради. Ўқишдан қайтишда ҳам метро бекатидан олиб келиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Шу тариқа талабалар ҳам график асосида кун ўтказишга одатланади. Айни пайтда автобус харажатлари масаласи кўриб чиқилмоқда. Бир талаба учун ижара нархи 200 минг сўм атрофида бўлади. Талабаларнинг давлат ётоқхоналарига тўлайдиган маблағи ўзгаришсиз қолади. 
 

ЎзА