Мамлакатимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг ёйишда маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш устувор вазифалардан бири саналади.
Давлатимиз раҳбарининг “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида ўтган йиллар давомида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида ҳудудларда бири-биридан кўркам спорт майдончалари бунёд этилишига киришилди.
Спорт вазирлигида ўтган матбуот анжуманида янгиланаётган Ўзбекистонда оммавий спортни маҳалладан бошлаб ривожлантириш бўйича яхлит тизим яратилгани, жойларда “Беш ташаббус олимпиадаси” қамрови кенгайиб бораётгани асносида маҳаллаларда 2022-2023 йиллар давомида 969 та спорт майдончаси бунёд қилиниб, шуғулланувчилар ихтиёрига топширилгани таъкидланди.
Маълумки, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан 2030 йилгача 5 мингта маҳаллада спорт майдончаларини барпо этиш бўйича янги лойиҳаларни жорий этиш, ташаббусли платформалар билан ишлаш муҳим саналади.
Спорт вазири ўринбосари Муроджон Исмоиловнинг қайд этишича, маҳаллаларда спорт инфратузилмасини босқичма-босқич яратиш, спорт объектларини қуришда аҳоли истакларини инобатга олиш мақсадида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида республикамиздаги мавжуд маҳаллаларнинг ҳар бирига биттадан спорт майдончаси қуриб бериш бўйича танлов эълон қилингани айни муддао бўлди.

Таъкидлаш лозимки, инфратузилмаси нисбатан ривожланмаган жойларда бундай спорт майдончалари барпо этилаётгани оммавий спортнинг янада ривожланишига, маҳалла аҳолиси, хусусан ёшларнинг хурсандчилигига сабаб бўлиши тайин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2024 йилдан бошлаб Спорт вазирлиги маблағлари ҳисобидан барпо этиладиган спорт объектлари ва иншоотларининг камида 30 фоизи “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизими орқали ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан овоз бериш йўли билан аниқланиши кўзда тутилган.

Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Tashabbus.sport” лойиҳаси асосида юртимиздаги ҳар бир туманнинг энг кўп овоз тўплаган биттадан маҳалласида жами 208 та воркаут-стритбол спорт майдончаларини қуриш режалаштирилди.
Матбуот анжуманида мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Янги лойиҳани жамоатчиликка таништириш ва овоз бериш тартиби тушунтирилди.

“Tashabbus.sport” платформаси маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, одамларнинг оммавий спортга қизиқишини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Хўш, сиз маҳаллангиз ҳудудида спорт майдончаси бунёд бўлишини истайсизми? Унда жорий йилнинг 10 майидан 1 июнигача ўтказиладиган овоз бериш жараёнига эътиборсиз бўлманг.
Т.Рўзиев, ЎзА