Гулистон тумани тиббиёт бирлашмаси “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ эвазига замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Ушбу лойиҳа 2025 йил “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи босқичида 3 минг 250 нафар фуқаронинг овози билан ғолиб деб топилиб, бугун амалда ўз самарасини бермоқда.
Лойиҳа доирасида тиббиёт муассасасига эндоскопия (ФГДЭС), рентген ҳамда ультратовушли диагностика (УЗД) аппаратлари олиб келинди. Янги ускуналар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва самарали даволаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

– Илгари тиббиёт муассасамизда эндоскопия, рентген ва УЗД аппаратлари билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди. Бу эса ушбу йўналишдаги касалликларни ташхислаш ва даволашда бир мунча қийинчилик туғдираётганди, – деди Гулистон тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Абдурашид Раҳмонбердиев. – “Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан бу муаммога тўлиқ ечим топилди. Энг муҳими, аҳоли учун турли оворагарчиликлар, ортиқча сарсонгарчиликларнинг олди олинди.
Авваллари моддий-техник база етишмаслиги сабабли айрим беморлар қўшимча ташхис учун бошқа ҳудудларга мурожаат қилишга мажбур бўлар, бу эса вақт ва маблағ йўқотилишига олиб келар эди. Янги ускуналарнинг ўрнатилиши эса аҳолига барча зарур текширувларни бир жойнинг ўзида олиш имконини яратди.

Сўнгги йилларда юртимизда кенг жорий этилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жойлардаги долзарб муаммоларни аниқ белгилаш ва уларга манзилли ечим топишда самарали механизм сифатида ўзини оқламоқда. Гулистон туманида амалга оширилган мазкур лойиҳа ҳам аҳоли ташаббуси билан тиббиёт соҳасидаги муҳим муаммо ҳал этилганининг ёрқин намунасидир.
Қисқаси, “Ташаббусли бюджет” доирасида тиббиёт муассасасининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати янги босқичга кўтарилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбир