Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ташаббусли бюджет” Сурхондарёда муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этмоқда
14:46 / 2025-02-01

Мамлакатимизда бюджет маблағларининг бир қисмини жамоатчилик фикри асосида аҳоли дуч келаётган ижтимоий муаммолар ечимини молиялаштиришга йўналтирадиган “Ташаббусли бюджет”нинг 2025 йилдаги биринчи мавсумига старт берилди.

Сурхондарё вилоятида ҳам аҳоли ечимини излаётган муаммоларини ўз ташаббуслари асосида ҳал этишда фаол қатнашиб, кўплаб лойиҳаларнинг ғолибига айланмоқда. Жумладан, ўтган йил бу жараённинг 1-2 мавсумларида вилоятдаги 413,8 миллиард сўмлик 326 лойиҳа ғолиб деб топилган эди. Шунга мувофиқ 119 та лойиҳа бўйича маҳаллаларда ички йўлларни таъмирлаш, 73 та мактабни таъмирлаб, моддий техник базасини мустаҳкамлаш, 1 та мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш, 10 та маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш, 65 та тиббиёт муассасасида шароитларни яхшилаб, замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш, 58 та бошқа йўналишдаги лойиҳаларга маблағ ажратилди.  

Маълумотларга кўра, ўтган даврда 132 та қурилиш ва 65 та харид йўналишидаги лойиҳаларда ишлар якунланиб, муаммо маҳаллий аҳоли ташаббуси билан ҳал этилди. Масалан, Сариосиё туманидаги Шоқишлоқ маҳалласида ўтган йил биринчи мавсумга “Маҳалладаги футбол стадиони ҳудудидан замонавий спорт зал қуриш” лойиҳасини киритиб, овоз бериш жараёнларида 3 минг 971 та овоз тўплади ва ғолиблар сафидан ўрин олди. Лойиҳа учун 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ ажратилиб, маҳалла ёшлари учун замонавий спорт зал қуриб берилди.  

Бойсун туман спорт мактабининг “Алпомиш” ўйингоҳи ҳамда Термиз олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг 300 ўринли ўқувчилар ётоқхонасини жорий таъмирлаш, республика тез тиббий ёрдам маркази Ангор тумани тез тиббий ёрдам станцияси учун янги бино қуриш, Шўрчи туманидаги Жойилма маҳалласининг 3,5 километр ички йўлига асфальт қопламаси ётқизиш масаласи ҳам “Ташаббусли бюджет” орқали ҳал этилди.  

Бандихон туманидаги Пахтакор маҳалласи аҳолиси “Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсумида “Маҳалладаги Дўстлик ва Ашурхон кўчаларининг 3 километр қисмига асфальт ётқизиш” лойиҳасида 8 минг 222 та овоз тўплаб, ғолиб бўлди. Натижада 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ ажратилиб, маҳалланинг 3 километр ички кўчасига асфальт қопламаси ётқизилди.  

Қумқўрғон туманининг Тўғон маҳалласидаги Ёнбош ва Обоқли аҳоли пунктида яшайдиган инсонларни ичимлик сув масаласи ўйлантириб келаётган эди. Бу муаммонинг ечими ҳам ҳудуд аҳлининг очиқ бюджет жараёнида иштироки билан ечим топди. Улар таклиф этган лойиҳа ғолиб, деб топилгач, 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ эвазига битта сув иншооти қурилиб, 6,5 километр ичимлик сув қувури тортилди. Бундай хайрли ташаббус эвазига 650 нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, 350 нафар истеъмолчининг тоза ичимлик сув таъминоти тубдан яхшиланди. Бу жараёнда лойиҳаларга ажратилган маблағнинг сарфланиши ва ишларнинг сифатли бажарилишини кенг жамоатчилик назорат қилаётгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.

Айни пайтда воҳада “Ташаббусли бюджет”нинг ўтган йил мавсумларидаги олтита харид ва 123 та қурилиш лойиҳасида ишлар давом этмоқда. Шунингдек, жойларда “Очиқ бюджет” портали орқали жорий йил биринчи мавсуми учун аҳоли фикри асосида янги лойиҳаларни шакллантириш бошланди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири