ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий инфратузилмани яхшилашда “Ташаббусли бюджет” дастури муҳим омилга айланмоқда. Мазкур механизм орқали жойлардаги долзарб муаммолар аҳолининг бевосита таклифлари асосида ҳал этилмоқда. Бу жараён Фарғона туманида ҳам ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Тумандаги “Каптархона” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сарвар Ёқубжоновнинг таъкидлашича, кейинги йилларда “Ташаббусли бюджет” орқали ички йўлларни асфальтлаш, электр таъминотини яхшилаш ва ичимлик суви тармоқларини барқарорлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилган.
- Яқинда ҳудудимиздаги Оилавий шифокорлик пункти учун қўшимча бино қуриш бўйича тақдим этилган 1,5 миллиард сўмлик лойиҳамиз ғолиб деб топилди, - дейди С. Ёқубжонов. - Ҳозирда икки қаватли янги бинo қурилиши якунланиш арафасида. Лойиҳа амалга ошгач, 12 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатаётган шифокорлар замонавий шароитда фаолият юритиш имкониятига эга бўлади.
[gallery-26383]
Бундан ташқари, Фарғона туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда ҳам “Ташаббусли бюджет” дастури муҳим роль ўйнади. Мактаб директори Н. Қайнаровнинг билдиришича, 2024 йил 2-босқичда тақдим этилган лойиҳа ғолиб бўлиб, таълим муассасасига 16 та электрон доска, 300 та парта ва стуллар етказилди.
Фарғона туманида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар аҳоли учун қулай шароитларни яратиш, инфратузилмани яхшилаш ва жойлардаги муаммоларни бартараф этишда “Ташаббусли бюджет”нинг муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқламоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА