Таълимдаги ислоҳотлар
Аҳолининг кўплаб муаммоларини ижобий ечимида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг ўрни беқиёс. Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан лойиҳа бухороликларни ҳам фаолликка чорламоқда.
Жумладан, 2021 – 2024 йиллар давомида Бухоро вилояти бўйича жами 798,0 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, фуқаролар томонидан долзарб деб топилган 356 та маҳалладаги 1 026 та лойиҳалар ғолиб бўлди ва аҳолининг муаммолари ижобий ечим топди.
– 2024 йили ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнида фуқаролар томонидан тўрт мингдан ортиқ лойиҳалар илгари сурилди, – дейди Бухоро вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси мутахассиси Суннатбек Ҳамроев. – Шундан уч мингтаси ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган низомга мувофиқ танланган. Таклифларга овоз бериш жараёнида 315 мингдан ортиқ фуқаро қатнашди. Овоз бериш жараёнларининг якуни бўйича “Фуқаролар ташаббуси” жамғармасига 359,2 миллиард сўм маблағлар доирасида 297 та лойиҳа ғолиб бўлди.
Аҳамиятли томони, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини бойитиш ва инфратузилмасини яхшилашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, 2024 йил вилоятда 101 та умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари учун 122,2 миллиард сўм йўналтирилди. Бундан ташқари, ижтимоий ва бошқа керакли инфратузилма объектларидан 199 таси янги қиёфа касб этди.
– Мактабда ўқувчиларнинг ўқиётганлиги, уларнинг кўнглига ғурур, завқ бағишлаганлигини сўз билан ифодалаш қийин. Мана шундай шароитлар асосида мактабдаги ўқувчилар бир сменада таълим олиш имкониятига эга бўлди. Бу эса ўқувчиларнинг нафақат дарс жараёни, балки дарсдан кейинги машғулотларда янада билимларини оширишга, ўзларининг устларида ишлашларига, келажакда комил инсон бўлиб етишишларига асос бўлади, – дейди Бухоро шаҳридаги 17-мактаб директори Ҳафиза Бурҳонова.
[gallery-21983]
Бухоро шаҳридаги 40-умумтаълим мактаби жамоаси ҳам ўз ҳамжиҳатлигини намойиш этиб, ўтган йили лойиҳанинг иккинчи мавсумида ғолиблар қаторидан жой олди.
– Мактабимиз лойиҳада уч йил мобайнида кетма-кет қатнашди, – дейди Бухоро шаҳридаги 40-мактаб директори ўринбосари Жамолиддин Бердиев. – Биринчи лойиҳада 1 миллиард 200 миллион сўм ютуқ эвазига 180 ўринга мўлжалланган фаоллар зали ташкил қилинди. Иккинчи лойиҳада барча синфлар учун жиҳозларни ютиб олдик. Айни кунда ўқувчиларимиз замонавий жиҳозлар билан таъминланган хоналарда таълим олмоқда. Учинчи лойиҳада қўлга киритилган 1 миллиард 300 миллион сўмга спорт майдончасини ташкил қилдик. Бу майдончада жисмоний тарбия дарсидан ташқари ўқувчиларимиз спортнинг турли йўналишлари бўйича шуғулланмоқда.
Когон туманидаги 18-умумтаълим мактабида спорт майдонига эҳтиёж бор эди. Қолаверса, илғор тажрибаларни жорий қилиш учун замонавий технологияларнинг қўлга киритилиши ўқувчиларга сифатли таълим бериш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш учун имкониятларни кенгайтирди.
– 2022 йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида иштирок этиб келамиз, – дейди Когон туманидаги 18-мактаб директори Абдулазиз Маҳмудов. – Лойиҳа доирасида ғолибликни қўлга киритиб, мактабнинг моддий-техника базаси яхшиланди. Ўтган йилги лойиҳада қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм бўлган усти ёпиқ мини футбол стадионини ютиб олдик. Бу мактаб ўқувчилари учун “Беш ташаббус” тўгаракларини самарали ташкил этишга ҳамда ўқувчиларни бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда. Лойиҳада мактаб жамоаси, ота-оналар, маҳалла аҳли фаол иштирок этди.
Шунингдек, Бухоро туманидаги Хонобод маҳалласида жойлашган 25-сон умумтаълим мактаби таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш учун муносиб ҳамда замонавий шарт-шароитни яратиш мақсадида илгари сурилган ташаббусларда тўрт мавсумдан буён ғолиб бўлиб келгани ҳам қишлоқдаги таълим масканини тўлалигича замонавий кўринишга келишга сабаб бўлди.
“Шергирон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 22-сон мактабнинг бундан ярим аср олдин қурилган биносидаги таъмирлаш ишларидан сўнг бугун унинг қиёфаси янгича кўриниш касб этди. Эътиборли жиҳати, Финляндия тажрибаси асосида ўқувчилар таълим олиш, хорижий тилларни пухта эгаллаш, қолаверса, касб-ҳунар сирларини мукаммал ўрганиш учун барча имкониятлар ҳозирланди.
Туманнинг Деҳча маҳалласидаги 51-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти қишлоқ кўркига айланган. Албатта, бундай эзгу ният йўлида ҳамма бирдек масъулият билан ёндашиши бор гап. Шундан бўлса керак, деҳчаликлар ҳам ўз ташаббускорлигини намоён қилиб, мана шундай барча шароитларга эга муассаса бунёд бўлишига ўз ҳиссасини қўшди.
Бошланган ушбу кенг кўламдаги ишларни давом эттириш мақсадида жорий йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида 406,0 миллиард сўм маблағлар ажратиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, вилоят маҳаллий бюджетининг чораклар давомида шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан 30 фоиз маблағлар белгиланган тартибда “Ташаббусли бюджет” жамғармаларига ўтказилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари