English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ташаббусли бюджет”: мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш фуқаролар учун энг муҳим масала
19:20 / 2023-05-08

Маълумки, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг жорий йилги биринчи мавсуми 2023 йилнинг 6 февралидан бошланди. Мавсум доирасида 9 минг 441 та маҳалла фуқаролари томонидан жами 55 минг 970 та лойиҳа келиб тушган. Улардан 33 минг 700 тасига овоз бериш жараёнига ўтказилган.

Овоз бериш якунларига кўра, “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га йўналтирилган маблағлар доирасида 1 минг 419 та маҳаллада умумий қиймати 1,5 триллион сўмни ташкил этган жами 1 минг 666 та лойиҳа ғолиб, деб топилди. Ушбу лойиҳалар учун фуқаролар томонидан жами 7,7 миллиондан ортиқ овоз берилган.

Хўш, "Ташаббусли бюджет"да ғолиб бўлган лойиҳалар ҳудудлар кесимида қандай кечди?

Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти катта илмий ходими Салимжон БЕКМУРОДОВга юзландик.

– Аввало, ушбу “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси кенг оммалашгани ва унинг асл моҳиятини халқимиз тушунганини алоҳида қайд этиш керак, – деди С.Бекмуродов. – Буни жараёнда уларнинг фаол иштирокидан ҳам кўриш мумкин. Негаки, ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган маҳаллада қандай муаммолар борлигини яхши билади ва уларни ечиш мақсадида лойиҳада иштирок этмоқда.

Жорий йилнинг биринчи мавсумида фуқароларимиз аниқ мақсадлар билан чиққанини якуний натижаларда янада яққол намоён бўлди. Шу ўринда, лойиҳада қатнашган энг фаол ҳудудлар ҳақида тўхталиб ўтсам. Овоз бериш жараёнида Қашқадарё (47 фоиз), Фарғона (45,8 фоиз) ва Навоий (39,7 фоиз) вилоятларида истиқомат қилувчи энг фаол иштирок этгани аниқланди. Туман даражасида эса ғолиб лойиҳалар орасида Яккабоғ, Ўзбекистон, Учкўприк, Чироқчи, Косон туманларидаги лойиҳаларини амалга ошириш учун энг кўп овоз тўпланган.

Овоз бериш натижаларига кўра, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш фуқаролар учун энг муҳим масала экани маълум бўлди. Бу йўналишдаги лойиҳалар учун жами 4,7 миллионта овоз тўпланган. Мазкур лойиҳаларга ташаббусли бюджет учун ажратилган маблағнинг 42 фоизи (1,18 триллион сўм) йўналтирилган.

Устуворлик даражаси бўйича кейинги ўринларда ички йўлларни таъмирлаш (3,7 миллионта), соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш (1,4 миллионта) ҳамда мактабгача таълим муассасалари ҳолатини яхшилаш (465 мингта) бўйича таклифлар жой олган.

– “Ташаббусли бюджет”га тақдим этилган лойиҳаларда қайси йўналишлар долзарблича қолмоқда?

– Соҳалар долзарблигига келсак, умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, ички йўлларни таъмирлаш, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳолатини яхшилаш тадбирлари лойиҳалардаги энг асосий йўналишлардир.

Шундан келиб чиқиб, ғолиб лойиҳаларга берилган умумий овозларнинг 81,3 фоизи айнан шу соҳаларга тегишли. Масалан, умумтаълим мактаблари ҳолатини яхшилаш учун тўпланган овозлар сони бўйича Наманган (ҳудудий овозларнинг 63,1 фоизи), Бухоро (54,9 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (61,6 фоиз) етакчилик қилган.

Мазкур йўналишдаги масалалар бошқа ҳудудларда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ҳолда юқори улушга эга бўлган. Ғолиб лойиҳалар тўплаган умумий овозларнинг 30,6 фоизи фуқаролар томонидан ички йўлларни таъмирлаш учун берилган. Бу йўналишда Қашқадарё (ҳудудий овозларнинг 65,8 фоизи), Фарғона (44,3 фоиз) ва Тошкент (36,2 фоиз) вилоятлари энг илғор ҳудудлар сифатида қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш муассасалари ҳолатини яхшилашга қаратилган лойиҳалар учун берилган овозлар умумий овозларнинг 11,6 фоизини ташкил этиб, Тошкент шаҳри (22,9 фоиз), Навоий (20,5 фоиз) ва Бухоро (19,8 фоиз) вилоятлари бу соҳада етакчилик қилган.

– Бу йилги жараёнда чекка туман ва қишлоқлардан тақдим этилган лойиҳалар сони ҳам ўтган йилгига нисбатан янада ошган. Овоз бериш жараёнида қайси маҳалла ғолибликни қўлга киритди?

– Юқорида қайд этганимдек, уларда ҳам мактаб, ички йўллар ва соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини яхшилаш масалалари устувордир.

Бунда соҳалар кесимида энг фаол туманлар иштирокига келсак, умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини яхшилаш бўйича Наманган шаҳри, Янгиқўрғон, Қўшкўпир, Асака ва Поп туманлари, ички йўлларни таъмирлаш бўйича Яккабоғ, Косон, Чироқчи, Олтинсой, Ўзбекистон туманлари ва соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ҳамда моддий-техник базасини яхшилаш бўйича Самарқанд, Бухоро, Наманган, Навоий ва Урганч шаҳарларини айтиш мумкин.

Энг фаол маҳаллалар бўйича Қашқадарё, Фарғона ва Наманган вилоятларида эканлиги маълум бўлди: Яккабоғ туманидан “Дархон” (87,1 мингта овоз), “Янги ҳаёт” МФЙ (80,4 мингта) ҳамда Учкўприк туманидаги “Катта Қашқар” МФЙ (46 минг) маҳаллалари энг кўп овоз тўплаган.

Бунда якуний натижа шуки, Шаҳрисабз туманидаги “Хитой” маҳалласи 6 та, Норин тумани “Бўстон” маҳалласи 5 та, Яккабоғ тумани “Дархон” ва “Янги ҳаёт” маҳаллалари 4 тадан лойиҳада ғолиб бўлган.

Мухтасар айтган, “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун тўпланган овозлар ушбу ҳудудда мавжуд муаммоларнинг нечоғлик долзарб эканини кўрсатиш билан бирга, аҳолининг мавжуд муаммоларга бефарқ эмаслигини ҳам тасдиқлайди. Умуман олганда, сўнгги йилларда ташаббусли бюджетлаштириш аҳолини бюджет маблағларини тақсимлаш жараёнига жалб этиш орқали муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш имконини берувчи молиявий дастакка айланиб бормоқда.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.