French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ташаббусли бюджет”: маҳаллалардаги йўл билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмоқда
14:42 / 2025-08-14

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ислоҳ қилиш, мавжуд молиявий имкониятларни энг муҳим масалаларга жалб этиш, бюджет сарфи жараёнининг шаффоф ва очиқлигини таъминлаш, қолаверса, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштироки ва даҳлдорлик ҳиссини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида Андижон вилоятидаги юзлаб маҳаллаларнинг йўллари асфальтланмоқда, йиллар давомида одамларни қийнаб келаётган йўл билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмоқда. Буни вилоятнинг олис туманларидаги чекка маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

“Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2025 йил 1- мавсумида Бўстон туманидаги ички йўлларни асфальтлаш бўйича умумий қиймати 8 миллиард 393 миллион сўм бўлган 6 та лойиҳа ғолиб, деб топилган эди. Ана шу лойиҳалар доирасида буюртмачи ташкилот – “Андижон минтақавий йўллар” давлат унитар корхонаси томонидан тумандаги Ховос маҳалласининг Лолазор, Меҳнатобод маҳалласидаги Мурувват, Равнақ, Гулистон маҳалласидаги Гулзор, Янгиқишлоқ маҳалласидаги Жийдазор, Обод маҳалласидаги  Бешқўрғон, Ёшлик, Тикланиш ҳамда Маориф маҳалласидаги Турон, Камолот кўчаларини асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда.  

–Маҳалламиз тумандаги катта маҳаллалардан бири ҳисобланади, 6 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди Бўстон туманидаги Янгиқишлоқ  маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хайриддин Жўраев. -  Неча йиллардан буён ички йўлларимизни таъмирлашга, асфальтлашга ҳаракат қилиб келамиз. Лекин ижобий натижага эриша олмаётгандик. “Ташаббусли бюджет” танловининг жорий йил 1- мавсумида қатнашиб, кўчаларимизни асфальтлаш учун 1 миллиард 406 миллион сўм ютдик. Ана шу маблағ ҳисобига маҳалламизнинг Жийдазор кўчаси асфальтланди. Бундан  маҳалладошларимизнинг қувончи чексиз.  

Дарҳақиқат, лойиҳа доирасида мазкур маҳалланинг 2,4 километрлик Жийдазор кўчаси “Madina Big Building” масъулияти чекланган жамияти қурувчи-йўлсозлари томонидан сифатли асфальтланди. Натижада маҳалла аҳолисини йиллар давомида қийнаб келган йўл муаммоси тўла бартараф этилди. Бундан ёшу кекса беҳад хурсанд.

– Бугун юртимиздаги ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан кишининг ақли шошади, – дейди Янгиқишлоқ маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Тожиддин Мўйдинов. – Узоққа бормайлик, вилоятимизнинг олис ҳудудларидан бири бўлган биргина бизнинг маҳалламизда кейинги бир неча йил ичида катта хажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Маҳалламиз қиёфаси бутунлай янгича кўринишга келди. Айниқса, ёзда чанг, қишда лой кўчаларимиз кенгайиб, асфальт ётқизилганлигидан жуда хурсандмиз. Буни кўриб болажонлар – фарзандларимизнинг қувонганини айтмайсизми?  

[gallery-24755]

Йўлсозлар томонидан маҳаллаларда “Ташаббусли бюджет” танловида ғолиб бўлган лойиҳаларда белгиланган ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун барча зарур ишлар олиб борилмоқда.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари