Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ташаббусли бюджет”: Косондаги мактаб қурилишида нима гап?
09:42 / 2024-04-09

Журналистик суриштирув

Бир неча йилдан буён “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича  аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган ижтимоий муаммолар танловга қўйилиб, халқнинг бирдамлиги эвазига етарлича овоз тўпланиб, кўплаб чанг кўчаларга асфальт ётқизилмоқда, ичимлик суви, электр таъминоти, харобага айланган мактаблар қурилиши билан боғлиқ муаммоларга ечим топилмоқда. Аммо мана шу ютиб олинган лойиҳаларни тўлиқ амалиётга татбиқ этиш жараёнида баъзи камчиликлар ҳам учраётгани дилни хира қилади. 

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Косон туманига қарашли Этак маҳалласидаги 32-мактабнинг эски ўқув биносини капитал таъмирлаш билан боғлиқ жараён қурувчилар томонидан сифатсиз амалга оширилаётгани ҳақидаги видеолавҳа жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу манзилда бўлдик ва суриштирув олиб бордик. 

Маълум бўлишича, “Ташаббусли бюджет”дан ютиб олинган лойиҳа асосида таъмирланаётган ўқув биноси ўтган асрнинг 70-йилларида ҳашар йўли билан қурилган. Деворлари пишган ғиштдан устига бетон плиталар ёпилган ҳолда мустаҳкам қилиб барпо этилган. Аммо йиллар бинога ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаган. Ердан кўтарилаётган зах, шиферларининг синиши натижасида сув сизиб кириши бинони абгор ҳолатга олиб келган ва ўқувчиларга ноқулайлик туғдира бошлаган. 

620 ўринга мўлжалланган мазкур мактабда айни пайтда 923 нафар ўқувчи икки сменада таълим олади. Ўқувчи сонининг кўпайиши ўқув биноларига бўлган талабни оширмоқда. Шу боис, ўқувчиларга етарлича шарт-шароит яратиш мақсадида мактаб жамоаси ва аҳоли бирлашиб, “Ташаббусли бюджет”нинг ўтган йилги иккинчи мавсумига мактабнинг эски ўқув биносини таъмирлаш лойиҳасини қўяди. Лойиҳа танловда кўп овоз олиб, ғолиб бўлади.

 Ниҳоят “Коинот юпитер” МЧЖ қурилиш ташкилоти тендер савдоларида ютиб чиқиб, жорий йилнинг февраль ойидан капитал таъмирлаш ишлари бошланади. Лойиҳаси ғолиб бўлганидан, эски ўқув бино таъмирланиши ва ўқувчиларга қулай шарт-шароитлар яратилишидан умидвор бўлган аҳоли вакиллари бундан жуда қувонади. Аммо таъмирлаш ишлари лойиҳада кўрсатилгандай кетмади. Қурилиш сифатсиз олиб борила бошланди. Албатта, лойиҳани ютиш учун қанча машаққат чеккан аҳоли вакилларидан тузилган жамоатчилик назоратчилари бу ҳолатга индамай қараб туролмади. 

– Лойиҳамиз ғолиб бўлганидан жуда қувондик, – дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Маҳмуд Жўраев. – Қурувчи келиб маблағ кам, тўлиқ таъмирлашга етмайди, дегани учун эски бинонинг девори сувоқлари ва пол қисмидаги бетонларни ҳашар йўли билан ўпириб, тозалаб бердик. Шундан кейин иш бошланди. Аммо кўриб турганингиздек, пол қисмини бетонлаштириш ишлари сифатсиз бажарилмоқда. 

Чиндан ҳам қурувчилар бинонинг пол қисмини бетонлаштиришда қўпол хатоликка йўл қўйган бўлса керакки, тармоқларда ушбу мавзу кўтарилиб, муҳокамаларга сабаб бўлгач, манзилга борганимизда бутун бошли бинода пол қисмидаги бетонларни қўпориш ишлари авжида эканлигига гувоҳ бўлдик. 

– Мактабимиз 620 ўринли бўлиб, ҳозирги вақтда тўлиқ икки сменада ўқиш олиб борилмоқда, – дейди мактаб директори Эргаш Тайманов. – Учта ўқув биномиз бор. Бири 1973 йилда қурилган эди. Ўша йиллардан бери капитал реконструкция қилинмаган. Шунинг учун ҳам халқимиз томонидан 2023 йилда опен бюджетнинг иккинчи мавсумига ўша бинони таъмирлаш бўйича лойиҳа киритилиб, бир миллиард 200 миллион сўм маблағ ютиб олинди. Лойиҳа бўйича ишлар сифатли кетмаётганлигини жамоатчилик вакиллари аниқлади ва эътирозларини билдиришди. Ўйлайманки, бу жуда ўринли. Чунки бу бино ўзи абгор ҳолатга келиб қолган эди. Агар уни сифатли қилиб капитал таъмирланса, яна бир неча ўн йиллар хизмат қилади. 

Хўш, аслида қурувчилар қандай хатога йўл қўйишган эди? 

Аниқланишича, бинонинг пол ишлари лойиҳа талабига биноан бажарилмаган. Яъни лойиҳа талаби асосида тупроқ қатлам устидан 8 см бетон қўйилиб, унинг устидан бир қатлам қора қоғоз (гидро эзоляция) ва 4 см изол тўшама ётқизилиб, унинг устидан 4-Бп ўлчамли сетка билан цемент-раствор қоришмаси ётқизилиш керак эди. Лекин қурувчи тупроқ устидан қора қоғоз тўшаб, 4 см цемент-раствор қоришмаси ётқизган. Сеткани ҳам 3-Бп ўлчамлисини ишлатган. Цемент-раствор қоришмаси мустаҳкамлиги даражаси учун синов лаборатория хулосаси ҳам олинмаган. Бундан ташқари, томусти ишларида ҳам керамзит қатлам қалинлиги лойиҳа талабида бажарилмаган. Лойиҳа талабида керамзит қатлам қалинлиги 20 см кўрсатилган бўлсада, амалда айрим жойларида 12 см, айрим жойларида 16 см қалинликда керамзит қатлам ётқизилган.

– Ҳозирги кунга қадар опен бюджетдан қишлоғимиз фаровонлиги учун саккиз маротаба лойиҳа киритиб, ютиб олганмиз, – дейди “Ташаббусли бюджет”га киритилган лойиҳа ташаббускори Жаҳонгир Дўланов. – Бу лойиҳаларни ютиб олиш учун озмунча машаққат чекмадик. Қишлоғимиз ёшлари бирлашиб, овоз йиғиш жараёнида қанча қийналганмиз. 13 минг 500 та овоз тўплаганмиз. Бунча машаққатдан кейин қурувчиларнинг бу қилиғи бизга оғир ботди, рости. Мурожаатимиздан кейин назоратчилар келди, камчиликларни аниқлади. Қурувчига тегишли кўрсатмаларни берди. Унгача бир неча бор қурувчига ҳам, ишчиларига ҳам айтдик, лекин билганидан қолишмади. Талабимиз шуки, қурувчи лойиҳа-сметада кўрсатилган ишларни тўлиқ бажариб берсин. 

Аҳоли вакилларининг айтишича, таъмирланаётган бинонинг пол қисми ва томига цемент-бетон қоришмаси деярли тўлиқ ётқизиб бўлинган. Аммо камчиликлар аниқлангач, улар қайта бузилмоқда. Албатта, бу қурувчига қимматга тушиши аниқ. Чунки катта майдон, қанча маҳсулот ва ҳоказо. Хўш, шуни билатуриб қурувчи нега хатога йўл қўйган? 

Биз борганимизда объектда бўлиб турган қурилиш фирмаси масъули съёмкани тугатгунимизча изсиз ғойиб бўлди. Унга телефон орқали боғландик ва мазкур ҳолат бўйича изоҳ сўрадик.

– Ўзим ўша кунлар оилавий масалалар билан бўлиб, бир икки кун назорат қила олмай қолдим, – дейди қурилиш иш юритувчиси Алишер Ғаниев. – Ишчилар хатога йўл қўйишибди. Албатта, буни шундай қолдирмаймиз. Сифатсиз қуйилган бетонни ўпириб олдик. Лойиҳада кўрсатилгандек қилиб бажариб берамиз ва юзимиз ёруғ бўлади. 

Туман ҳокимлиги масъуллари ҳам мактабдаги қурилиш ишлари назоратга олинганини билдириб ўтди. 

– Ижтимоий тармоқларга тарқалган хабарлар бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат жойига борган ҳолда ўрганилди, – дейди туман молия бўлими масъул ходими Адҳам Ҳайдаров. – Ҳақиқатда камчиликлар борлиги аниқланди. Қурувчига тегишли кўрсатмалар берилди. Қурувчи ҳам камчиликларни бартараф этишга ваъда берди. Албатта, туман бўйича опен бюджетга қўйилган ҳамма лойиҳалар доимий назоратимизда. Жумладан, ушбу лойиҳа бўйича ҳам ишлар кўнгилдагидек охирига етказилади.

Таъкидлаш керакки, “Ташаббусли бюджет” фуқароларнинг ўз ҳудудидаги муаммоларга нисбатан дахлдорлик ҳисси ва назоратни ҳам сезиларли даражада оширди. Биз ҳам мактаб жамоасига қурилиш ишлари якунига етганида яна бир бор мавзуга қайтиш ваъдаси билан ортимизга қайтдик. 

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири