Гулистон тумани Бахмал маҳалласи Ободон ва Боғишамол кўчаларидаги ички йўллар тўлиқ таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этди. Мазкур ишлар “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Ободон кўчасида 1200, Боғишамол кўчасида 1300 метр ички йўлларга асфальт ётқизилди. Ушбу лойиҳалар “Ташаббусли бюджет” дастурининг 1-мавсумида энг кўп овоз тўплаб, ғолиб деб топилди. Аҳоли ташаббуси билан берилган таклиф 2 минг 198 нафар фуқаро томонидан қўллаб-қувватланди.

Тендер жараёни “Шаффоф қурилиш” электрон платформаси орқали ўтказилиб, лойиҳа ижроси “Камолиддин Файз Барака” МЧЖга топширилди. Корхона йўлсозлари томонидан ишлар сифатли ва белгиланган муддатда бажарилди.
— Ушбу кўчалар масаласи йиллар давомида биз учун жиддий муаммо бўлиб келаётган эди, — дейди меҳнат фахрийси Бозорбой Худойбердиев. — Қор ёғса, кўчаларда кўлмаклар тўлиб, машиналар ўта олмасди, пиёда юришнинг ўзи азоб бўларди. Болалар мактабга ботқоқ йўллардан ўтар, кексалар эса кўчага чиқмасликни маъқул кўришарди. Ҳозир эса кўчамиз буткул ўзгарди. Асфальт ётқизилди, машиналар бемалол ҳаракат қиляпти, болалар қийналмасдан ўқишга боряпти. Бу биз учун катта қулайлик. Ташаббус кўрсатганлар ва бу ишни амалга оширганларга катта раҳмат.

Бюджетдан ажратилган 1 миллиард 58 миллион 261 минг сўм маблағ ҳисобидан амалга оширилган таъмирлаш ишлари натижасида бугун мазкур кўчалар аҳолиси текис, равон ва хавфсиз йўллардан фойдаланмоқда.

“Ташаббусли бюджет” фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ҳамда давлат бошқарувидаги иштирокини ошириш билан бирга, жойлардаги инфратузилмавий муаммоларни ҳал этишда самарали восита сифатида ўзини тўлиқ намоён этмоқда.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири