Шайхонтоҳур туманидаги “Самарқанд дарвоза” МФЙда жойлашган 13-сонли умумтаълим мактаби “Ташаббусли бюджет” доирасида мактаб фаоллар залини таъмирлаш лойиҳаси бўйича ғолиб бўлган. Аммо таъмирлаш ишлари белгиланган муддатда бошланмаган.
Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгашига Экологик партиядан сайланган депутат Гуласал Раҳмонова мазкур мактабда маҳалла раиси ва фаоллари, партия вакиллари билан биргаликда ўрганиш ишларини олиб борди. Ўрганиш жараёнида бир қатор камчилик ва муаммолар аниқланди.

Мактаб мутасаддилари фаоллар залини таъмирлаш жараёнларида стандартларга номувофиқ материаллардан фойдаланилаётгани, шунингдек, қурилиш ишларини ўрганиш ва фотосуратга олишга қурилиш масъуллари томонидан рухсат берилмаётганидан норозилик билдирдилар.
Мулоқот давомида таъмирлаш ишлари суст олиб борилаётгани, аниқланган камчиликларни бартараф этиш зарурлиги, ўқувчилар учун яратилаётган таълим шароитлари ҳамда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга зид ҳолатларга йўл қўймаслик лозимлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан тумандаги масъул ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови юборилиши, шунингдек, ҳолат бўйича депутатлик назорати ўрнатилиши маълум қилинди.
М.Комилова, ЎзА