Юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати натижасида ташаббусли бюджетлаштириш жараёни 4 йилдан буён амалга оширилиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 октябрдаги «Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбири Молия вазирлиги давлат бюджети департаменти бош иқтисодчиси Ҳабибулло Ҳамидов билан суҳбатлашди.

– Маълумки, 2023 йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина «Ташаббусли бюджет» орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади. Шундай экан, келаси йил «Ташаббусли бюджет»га қанча маблағ ажратилади?
– Келгуси йилда жами «Ташаббусли бюджет»га ва «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» жараёнларига, бундан ташқари, «Менинг йўлим» лойиҳаси учун 8 триллион маблағлар ажратилади.

Ҳозирги кунда «Ташаббусли бюджет» жараёнлари тартиби ўзгармаган. Айни вақтда юқоридаги ҳужжатга асосан «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари бундан бироз фарқли равишда амалга оширилади.
– Лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида қайси давлатлар тажрибасидан фойдаланилмоқда?
– Ҳозирги кунда 100 дан ортиқ ривожланган мамлакатлар – Германия, Буюк Британия, АҚШ, Хитой, Япония каби давлатларда ҳам фуқаролар «Ташаббусли бюджет» жараёнида иштирок этиб келинмоқда. Иқтисоди ривожланган давлатлардан қисман андоза олиб, республикамизга жорий этганмиз.

– Фуқароларнинг муаммоси ҳал бўлаётгани боис бунга қизиқиш ортиб бормоқда. Берилган таклифга белгиланган маблағнинг миқдори қанча?
– Дарҳақиқат, «Ташаббусли бюджет» жараёнларида ҳар битта таклифнинг белгиланган миқдори бор. Ҳозирда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробаргача ажратилади. Айни вақтда базавий ҳисоблаш миқдори 300 минг бўлса, бунинг 4 минг баробари 1 миллиард 200 мингни ташкил этмоқда. Яъни ҳар битта таклифнинг миқдори 1 миллиард 200 минг сўмни ташкил этади. Тўғри, бу катта мактабларни қуришга етмаслиги мумкин. Аммо, 2 километрдан ортиқ йўлни асфальт қилиш, 1000 километрдан ортиқ жойга қувурларда ичимлик суви етказиб бериш, 1000 дан ортиқ симёғоч қуриб электр билан таъминлашга етарли маблағ деб ҳисоблаймиз.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/3hi952buedk" title="«Ташаббусли бюджет» асосида ажратилган 1 миллиард 200 минг сўм катта мактабларни қуришга етадими?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА