French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ташаббусли бюджет”: амалиёт, халқаро тажриба ва таҳлил
18:03 / 2022-08-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштироки: тажриба алмашиш ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Молия вазирлиги марказий аппарати мутахассислари, соҳа вакиллари ва халқаро экспертлар иштирок этган тадбирда Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Хайдаров, БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётганини қайд этди.

Таъкидланганидек, бунда фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган механизмларнинг жорий этилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини амалиётга татбиқ этишда хорижий мамлакат мутахассислари билан ҳамкорлик ҳам қўл келаётир. Бу борада тўпланган тажриба натижасида Ўзбекистон менталитети, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда “Ташаббусли бюджет” жараёнининг ўзимизга хос бўлган моделини яратилгани ниҳоятда қувонарлидир.

– Сўнгги йилларда олиб борилаётган очиқлик сиёсати натижаси ўлароқ, республикамизда “Ташаббусли бюджет” жараёнлари амалга оширилмоқда, – деди Молия вазирлиги Давлат бюджети департаменти бош иқтисодчиси Ҳабибулло Ҳамидов. – “Ташаббусли бюджет” жараёни бугунги кунда давлат ва жамият ўртасида “рақамли кўприк” вазифасини ўтамоқда, десак адашмаган бўламиз. Бугун ташкил этилган халқаро форум ҳам шу жараёнларни такомиллаштириш ва тизим фаолиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган. Форумда бир қатор ривожланган давлатлар ва хорижий молиявий институтларнинг экспертлари иштирок этди. Бу эса бизга бу борада тўпланган кўникма ва халқаро тажрибани қиёслаш ҳамда таҳлил қилиш имкониятини яратди. Шуни алоҳида айтиш жоизки, 2022 йил “Ташаббусли бюджет” жараёнининг иккинчи мавсумида Фуқаролар ташаббуси жамғармасига 1 триллион 20 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳозирги кунда “Ташаббусли бюджет” жараёнининг иккинчи мавсумига овоз бериш ишлари давом эттирилмоқда. Бу сентябрь ойида якунланиб, ғолиб деб топилган таклифлар мазкур жамғарма ҳисобидан молиялаштирилади.

[gallery-8574]

Шунингдек, форум иштирокчиларига “Ташаббусли бюджет” жараёнида амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берилар экан, унда жамоатчилик фикри асосида бюджет маблағларини йўналтириш механизми бўйича қабул қилинган янги тартибга мувофиқ “Очиқ бюджет” ахборот портали ҳам янгиланган кўринишда ишга туширилганлиги ҳамда тизим ишлари ушбу ахборот портали асосида юритилаётганига эътибор қаратилди.

БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ўз сўзида БМТ ТД ушбу муҳим жараёнда Ўзбекистон ҳукуматини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

– Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда ислоҳотлар жараёнига халқни кенгроқ жалб этиш орқали ҳисобдорлик ва шаффофликни таъминлашга эътибор кучайди. Мамлакатингизда ўтган йили "Ташаббусли бюджет"ни муваффақиятли синовдан ўтказилгани ва ҳозирда бу жараён кенг кўламли давлат молия тизимига жорий этилаётгани муҳим ҳисобланади. Бу одамларга ишонч ва уларнинг эҳтиёжига эътибор рамзи. Бу яна одамларнинг эҳтиёжи бўйича хабар олишнинг энг яхши усулидир. Ўтган йили "Ташаббусли бюджет" доирасида лойиҳаларга 6 миллион нафар фуқаро овоз берган. Улар кўпроқ таълим, яхши йўллар ва сув таъминоти бўйича фикр билдирган. Бундан ташқари, Молия вазирлиги ушбу форумни бу борада тажрибани ўрганиш мақсадида ташкил этди. Бир нечта йўналишда ишни такомиллаштирса бўлади, масалан, фуқароларга жараёнда қандай иштирок этишни ўргатиш, нафақат лойиҳани таклиф қилиш, балки бошқа лойиҳаларга овоз бериш муҳимлигини тушунтириб, имконият ва иштирокларни кучайтириш зарур, – деди М.Димовска.

Маълумот ўрнида, жорий йил "Ташаббусли бюджет" жараёнининг 1-мавсуми доирасида фуқаролар томонидан 69 мингдан ортиқ лойиҳа илгари сурилиб, республика бўйича 6700 нафар фуқаро овоз берган. Ушбу мавсумда 2354 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Мазкур лойиҳаларга берилган овозлар сони 4872 мингта ёки жами берилган овозларнинг 73 фоизини ташкил этган. Шунингдек, ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш учун туман ва шаҳар бюджетлари ҳисобидан 1,2 триллион сўм маблағ йўналтирилган.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири