Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфли касалликларнинг олдини олиш борасида Бухоро вилояти Олот туманида ҳам муҳим амалий қадам қўйилди.
Хусусан, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида туманда талаб даражасидаги Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми тиббий лабораторияси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур лойиҳа жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланиб, танловда ғолиб деб топилди ҳамда уни амалга ошириш учун 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Бухоро вилояти “ОИТС”га қарши курашиш марказининг Олот туманлараро “ОИВ” диагностика лабораторияси биноси туман марказида, тиббиёт бирлашмасида барпо қилинган бўлиб, олотликлар билан бир қаторда, қўшни ҳудудлар аҳолиси ва меҳмонларга ҳам сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради. Бу тиббиёт маскани вилоятда ўз йўналиши бўйича дастлабкиларидан бири ҳисобланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган.

Тиббий лабораторияни фойдаланишга топширилиши муносабати билан туман ҳокимлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари ҳозир бўлди. Замонавий лаборатория фаолияти ОИВ инфекциясини эрта босқичда аниқлаш, беморларни ўз вақтида тиббий назоратга олиш ҳамда касалликнинг кенг тарқалишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида пудратчи “Gidro Civil Engineering” МЧЖ томонидан амалга оширилган ишлар, бунда тиббиёт бирлашмаси жамоасининг овоз беришдаги ҳамжиҳатлиги қайд этилди. Олис туманда тиббиёт тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида вилоят ва туман ҳокимлиги амалий кўмагида умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион сўмга тенг замонавий тиббий асбоб-ускуналар шифохонага олиб келинмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.