Бухоро вилояти Олот туманида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида “Мухтор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Томжиқ” ариғи, шунингдек, Шайхлар маҳалласидан ўтган “Охунбобоев” ариғининг тўрт километр қисми ва “Аму-Бухоро-1” каналидан Отакўл кўчаси бўйлаб ўтувчи ариқ ўзанини бетонлаштириш ишларига киришилди.
Бундан ташқари, айнан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига биноан “Дилкор” маҳалла фуқаролар йиғинининг Қўнғирот қишлоғи ички йўлларини асфальтлаштириш, ариқларни бетонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бунёдкорлик ишларини тез ва соз олиб бориш мақсадида ариқларга махсус экскаватор ва 50 дан зиёд ишчи кучи жалб қилинган. Муҳими, бу каби янгиланишлардан маҳаллий аҳоли, томорқа ер эгалари, фермерлар жамоалари жуда хурсанд.



Олис туманда гидроиншоотлар таъмиридан мақсад экин ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, кўзланган ҳосил хирмонини барпо қилишдир. Ҳудудда 501 гектар ғалла, 860 гектар пахта майдонларида жорий йилда саноат учун қимматбаҳо хомашё етиштирилмоқда. Бунинг учун барча қулайликлар яратилганлиги “Оқ пўлат” каби каналлар орқали унумдор ердан баракали ҳосил етиштириш имконини беради. Шу билан бирга, бугунга келиб тумандан ўтган “Тайқир”, “Сарибозор”, “Янги Сойинкўл” ҳамда “Чандир” каналларида ҳам тупроқ ишлари, ўзанларни тайёрлаш ва қазиш, бетонлаштириш ишлари якуний босқичга кирган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.