“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ўз ижобий самараларини бермоқда. Бунда фуқароларимиз ўз ҳудудларидаги муаммоларни бартараф этиш учун бюджет маблағларининг тўғри тақсимланишида фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 22 апрелдаги “Маҳаллий бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисида”ги қарорига асосан, Навоий шаҳар маҳаллий бюджетидан 2022 йил фуқаролар ташаббуси жамғармасига 6 миллиард 132,9 миллион сўм маблағ ажратиб берилди.
– “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2022 йил 2-мавсуми жорий йил 15 июлида бошланиб, 17 сентябрида ниҳоясига етди, – дейди Навоий шаҳар ҳокимлиги Молия бўлими бош иқтисодчиси Жавлон Қаҳҳоров. – Ушбу давр мобайнида Навоий шаҳар фуқароларининг ушбу ҳудуддаги ўзларини қийнаб келаётган муаммолари бўйича жами 220 та таклифи келиб тушган. Овоз бериш жараёнига ўтказилган 198 та таклифдан жами 10 таклиф ғолиб, деб топилди.
Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2022 йил 2-мавсумида 2 мингтадан ортиқ овоз тўплаб, ғолиб бўлмаган таклифларга маблағ ажратиш кўзда тутилган. Қарорга асосан, Навоий шаҳрида 2022 йил 2-мавсуми учун 4 та таклиф 2 мингтадан ортиқ овоз тўплаган ҳолда ғолиб бўлмаганлиги аниқланиб, республика бюджетидан 1 миллиард 850 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Бугунги кунда жами 14 та таклиф учун буюртмачи ташкилотларга 7 миллиард 982,9 миллион сўм маблағ шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказиб берилган. Жумладан, “Бунёдкор” МФЙ ҳудудида жойлашган 15-умумтаълим мактабида баскетбол ва волейбол майдонлари қуриш, “Олтин водий” МФЙ ҳудудида жойлашган 4-умумтаълим мактаби биносини мукаммал таъмирлаш, “Баҳор” МФЙ ҳудудида жойлашган 1-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг иссиқлик тизими ҳамда ушбу маҳалладаги 31-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биносини жорий таъмирлаш, “Матонат” МФЙ ҳудуди жойлашган 34-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти, “Чинор” МФЙ ҳудудида жойлашган 7-сонли мактаб биноси, “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудида жойлашган 28-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда “Гулзор” МФЙ ҳудудида жойлашган 26-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноларини жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Ҳозирда юқоридаги ташкилотларда таъмирлаш ишлари олиб борилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда.
А.Бўриев, ЎзА