Жорий йилда ўтказилган “Ташаббусли бюждет” лойиҳасида Фарғона вилоятида Ўзбекистон тумани аҳолиси фаол иштирок этиб, 43 та таклифи ғолиб топилди. Туман бўйича молиялаштириладиган ташаббусларни амалга ошириш учун бюджетдан 50 миллиард 440 миллион сўм маблағ ажратилди. Айни кунларда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳудудлар инфратузилмаси, ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Бекобод маҳалласидаги 52-умумтаълим мактабининг 2 қаватли 120 ўринли биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Тадбирда туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш, ёш авлодни муносиб шароитларда ўқитиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш имкониятларини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталди ва янги ўқув биноси билан мактаб жамоаси, ўқувчилар ва ота-оналарни муборакбод этди. Бу масканда сабоқ олаётган ўқувчиларга юксак марраларни забт этиши, барча бекободликларни эса мана шундай эзгу ташаббуслар йўлидаги аҳилликлари бардавом бўлишини тилади.

1996 йилда ташкил топган мактабнинг мавжуд 280 ўринли ўқув биноларида ўтган ўқув йилида 430 нафардан зиёд ўқувчи сабоқ олди. Уларга эллик нафарга яқин педагог фан, спорт ва тўгарак сабоқларидан таҳсил беради.

“Ташаббусли бюджет” дастурининг жорий йилги биринчи мавсумида таълим муассасаси учун қўшимча янги ўқув биносини қуриш юзасидан илгари сурилган таклиф жамоатчилик фаоллигида 5 мингтадан кўп овоз тўплади.

“Бинокор Отабек” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишларига давлат бюджетидан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланди.

Тадбир иштирокчилари замонавий ва кўркам зиё масканига айланган бинода яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири