Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташаббуслар аҳоли бандлиги ва даромадини кафолатлайди
17:05 / 2025-05-21

Жорий йилнинг иккинчи чорагида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам кенг кўламли режалар қилинмоқда.

Жумладан, 154,5 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, шундан, 57,8 минг нафари доимий ишга жойлаштирилади ва 6 минг 306 минг нафар аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади. Ҳоким ёрдамчилари томонидан томорқа ва ижара ер майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, маълумотлар “Онлайн маҳалла” платформасига киритилади. Юзта оғир маҳаллада электр таъминоти, ички йўллар ва бошқа зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича шакллантирилган аниқ манзилли рўйхат доирасида ишлар бошланади. 

– Бундан ташқари, янги иш ўринларини ташкил этишда ва ишсизликни қисқартиришда асосий эътибор тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларни ўрганиш ва тезкор ҳал этиш жараёнларига қаратилади.Бунда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлигида 24/7 соат ишлайдиган тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини қабул қилиш штаблари ташкил этилди ва кунлик мониторинг олиб борилмоқда. Барча штабларнинг “ишонч телефонлари” ижтимоий тармоқларда, расмий сайтларда эълон қилинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу тизим орқали йил якунига қадар беш мингдан ортиқ доимий иш ўринлари ташкил этилади, – дейди Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Йўлдошов. 

Йил охиригача тижорат банклари билан ҳамкорликда кичик ва ўрта бизнес субъектларига маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, 10,8 триллион сўм, шундан 2-чоракда 3,2 триллион сўм кредит маблағлари ажратилиши таъминланади. Бунда аҳоли томорқасига мавжуд 689 та маҳаллага 691 нафар уста деҳқонлар бириктирилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашув даражаси ҳозирги 29 фоиздан 35 фоизгача етказилади. 

Вилоятдаги мавжуд коллектор-дренажлардан самарали фойдаланиш мақсадида ўрдакчилик билан шуғулланиш истагидаги ташаббускор тадбиркорлар аниқланмоқда. Улар билан 350 минг бош ўрдак боқиладиган лойиҳалар амалга оширилади. Натижада 1,1 мингта иш ўрни ташкил этилади. Шунингдек, туризм салоҳияти юқори Паркент, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ туманлари ва Ангрен шаҳрининг баҳаво жойларида “капсулалик уй”ларни ўз ичига олган туризм масканлари ташкил этилади ва 310 та янги иш ўринлари ташкил этилади. 

Вилоят маркази гавжумлашгани сари бу йўналишдаги хизматларга эҳтиёж ортган. Мисол учун, вилоят Агробанк томонидан “Аҳмад жўжа” маркази, Алоқа банк томонидан “Сазанчик” бренди остида умумий овқатланиш нуқталари фаолиятига кўмаклашилади. Айниқса, “Зарбдор” тажрибаси асосида Тошкент вилояти бўйича 70 та хизмат кўрсатиш йўналишидаги драйвер лойиҳалар ишга туширилади. 

Жумладан, қиймати 117 миллиард сўмлик 24 та савдо ва сервис объектлари фаолият юритадиган ва ривожланиб бораётган кўчалар тун-у кун аҳоли хизматида бўлади. Ўрта Чирчиқ тумани “Қорасув” ҳудудидан Нурафшон шаҳригача бўлган Тошкент йўли кўчасининг икки томонини замонавий шаҳарсозлик меъёрлари асосида кенгайтириш ишлари амалга оширилмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.