Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташаббускорлар эътироф этилди
11:37 / 2015-05-07

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус – 2015” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус – 2015” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 46 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати ҳамда миллий ҳунармандликни ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳал қилувчи кучига айланиб бораётир. Масалан, Самарқанд вилоятида жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 67,6 фоизни ташкил этди. Фермерлар эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчилари бўлиши баробарида, кейинги йилларда қишлоқда саноатни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.

Анъанавий ўтказиб келинаётган “Ташаббус” танлови энг фаол, ишбилармон юртдошларимиз фаолиятини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётир. Танловнинг туман, шаҳар босқичларида маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган 500 га яқин турдаги маҳсулот ва 800 дан зиёд миллий ҳунармандлик намунаси намойиш этилди.

Самарқанд шаҳридаги “Зарафшон текстиль” масъулияти чекланган жамияти раиси Суҳроб Насриддинов “Энг яхши тадбиркор” номинацияси бўйича ғолиб бўлди. Самарқанд туманидаги “Аъзам Азамат агро” фермер хўжалиги бошлиғи Аҳмаджон Султонов “Энг яхши фермер” деб эътироф этилган бўлса, Самарқанд шаҳридан ёғоч ўймакор уста Мансур Асадов “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида биринчи ўринни эгаллади. Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида қатнашади.

Шунингдек, танловда “Энг ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Энг яхши кекса тадбиркор”, “Энг яхши экспортчи” сингари қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди.