Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташаббускор ёшлар етакчиси
17:54 / 2023-05-12

Ҳозирги кунда республика бўйича 9 минг 425 нафар ёшлар етакчиси фаолият олиб бормоқда. Улар ўз маҳаллаларида “Ёшлар баланси”ни шакллантириб, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб боради. Шунингдек, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига яқиндан кўмаклашади.

Ана шундай ташаббускор ёшлар етакчиларидан бири Зафар Акбаровдир. У Қуйи Чирчиқ туманидаги “Тинчлик” МФЙ ёшларига етакчилик қилади. Ёш етакчи ўз маҳалласи ва фаолияти хусусида қуйидагиларни гапириб берди.  

– Ўзим жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлганим, ёшлигимдан баскетбол билан мунтазам шуғулланганим учун ёшларни ҳам спорт билан банд қилишга ҳаракат қиламан. Бироқ ёшларнинг очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиши учун шароит йўқ. Шу боис қўшни маҳалладаги спорт майдончаларидан фойдаланамиз. Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси билан учрашувда маҳалламиз учун спорт комплекси ва кутубхона керак бўлаётганини билдирдим.  

Натижада яқин кунларда маҳалламиздаги 32-мактаб ҳудудида мини футбол майдончаси, 1000 дона турли бадиий китобларга эга мўжаз кутубхона ва киберспорт билан шуғулланиш учун 10 та компьютер жамланмаси тақдим этиладиган бўлди. Бу хушхабардан маҳалламиз ёшлари ва мактаб жамоаси жуда хурсанд бўлди.  

Маҳаллага етакчи бўлиб келганимда ҳудудимизда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш у ёқда турсин, уяли алоқа сифати ҳам яхши эмас эди. Шу сабаб илк ташаббусим маҳаллага Wi-Fi тармоғини олиб келиш бўлди. Ҳозир деярли ҳамма хонадон бу тизимдан фойдаланяпти. Бир нечта ёшларимиз хорижий тилларни интернетда мустақил ўрганмоқда.  

Улардан бири Муштарий Мирзажонова фан олимпиадасининг вилоят босқичида инглиз тилидан биринчи ўринни олиб, ҳозир ихтисослаштирилган махсус мактабда таълим олмоқда. Айрим ногирон ёшларимиз интернет орқали турли буюмлар ясашни ўрганиб, уйда даромад топяпти. Маҳалламиз ҳудудида боғча йўқ, 200 нафарга яқин бола қўшни маҳаллалардаги боғчаларга қатнайди. Бу муаммони ҳам ҳал этиш ҳаракатидамиз. Уларнинг ота-оналари ҳам, қўйингки барча маҳалламиз аҳли йўллардан азият чекади.  

Таъмирталаб йўлларимизни асфальтлаш учун “Очиқ бюджет” лойиҳасида ёшларимиз билан фаол иштирок этдик. Аҳолига уч минг сўмлик харажат эвазига 50 километргача масофани босиб ўтиш қувватига эга, муҳими табиатга ҳеч қандай зарар келтирмайдиган транспорт воситаси – муравейлардан фойдаланишни ҳам тавсия этяпмиз. Ҳозир 60 дан ортиқ киши шундай транспорт воситасига эга.  

Гулноза Бобоева, ЎзА