Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташаббускор ва шижоатли номзодлар доим олқишланган
11:41 / 2024-10-04

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев иштирокида бухоролик сайловчилар билан учрашув ўтказилди. Унда партия илгари сураётган таклиф ва ташаббуслар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидланганидек, иқтисодиётни йилдан-йилга муттасил ўсиб бораётган энергияга бўлган эҳтиёжни “яшил” энергия ва бошқа муқобил турларига ўтиш асосида қондириш, тобора глобал тус олаётган иқлим ўзгаришининг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш ҳамда унга мослашиш йўлида муҳим қадам ташлаш жаҳон ҳамжамияти томонидан айтилмоқда. Бутун дунёда бошланган бу саъй-ҳаракатларга Ўзбекистон ҳам фаол қўшилмоқда.

“Яшил” иқтисодиётга ўтишнинг илк қадами энергетика соҳасини, хусусан қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳисобланади. Бу эса, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни тежаш билан биргаликда экологик мувозанат барқарорлигини ҳам таъминлайди.

Ўзбекистон Экологик партияси 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида электр энергетикаси соҳасини “яшиллантириш” борасида аниқ ташаббус ва таклифларни тақдим этди.

Бугунги кунда энергетика тармоғидаги кўплаб асосий ва тақсимловчи тармоқ подстанциялари ва трансформатор станциялари маънан эскиргани ва тизимда янгиланишлар жараёни нисбатан суст бораётгани оқибатида соҳада технологик йўқотишлар юқорилигича қолмоқда. Мисол учун, мавжуд магистраль тармоқларда электр энергиясининг технологик йўқотишлари ўртача 2,7 фоиздан, тақсимловчи тармоқларда 12,4 фоиздан ортиқни ташкил этиб, бу хорижий мамлакатлардаги кўрсаткичдан юқори ҳисобланади.

Мана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурида саноатда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини камида икки карра оширишни мақсад қилган.

Учрашувларда партия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев Ўзбекистон Экологик партиясининг “Табиат учун бирлашайлик” шиори остидаги Сайловолди дастурини кабинетда ўтириб эмас, тажрибали, дунё таниган олимлар, партия фаоллари, оддий одамлар билан бамаслаҳат ёзилишига эътибор қаратилгани, қайси партиянинг сайловолди дастуридаги таклиф ва ташаббуслари халққа манзур бўлса, ўша партиянинг қўли баланд келишини таъкидлади.

– Қайд этиш лозимки, ташвиқотнинг энг самарали тури сифатида номзодларнинг сайловчилар билан юзма-юз учрашувларини айтиш лозим, – дейди А.Ҳамзаев. – Чунки, мазкур учрашувларда кимнинг дастури ҳаётий ва аҳамиятли эканлиги, қуруқ ваъдалардан ҳоли эканлиги юзага чиқади. Шу туфайли, сайловчиларни тўғри танловда адашмасликлари учун ташвиқотларни қонунда белгиланган шакл ва усулларда ўтказиш муҳим ҳисобланади. Негаки, бугунги сайловчи кечаги сайловчидан ҳуқуқий онги ва фаоллиги, долзарб аҳамиятга молик бўлган ғояларни тез англаб олиши билан кескин фарқ қилади. Бугунги сайловчини қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмайди. 

Учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.