Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташаббус ва ҳамжиҳатлик намунаси
12:01 / 2025-06-18

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида жойлашган Сармич ва Жўлангар маҳаллаларида сўнгги уч йил давомида кенг қамровли ободонлаштириш ва инфратузилмавий ишлар амалга оширилди. Бу ўзгаришлар аҳоли ташаббуси, маҳалла фаоллари билан ҳамкорлик ҳамда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасидаги фаол иштирок самараси сифатида юзага келмоқда.

Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасининг Боёвут тумани бўлими раҳбари Зафар Камолов ташаббуси билан ОАВ вакиллари учун мазкур ҳудудларга амалий пресс-тур ташкил этилди. Унга мувофиқ, журналистлар маҳаллаларда амалга оширилган ўзгаришлар, янгиланган инфратузилма объектлари ва аҳоли иштироки асосида яратилган қулай шароитлар билан танишдилар.

[gallery-23943]

–  Қарийб 9 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи Сармич ва Жўлангар каби маҳаллаларимизда 2022–2024 йиллар давомида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси орқали 20 километрдан зиёд ички йўллар асфальтланди, 2-сонли умумтаълим мактаби капитал таъмирланди ва замонавий таълим муҳити яратилди, –  дейди Зафар Камолов. –  Шунингдек, ёшлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида воркаут майдончаси барпо этилди. “Маънавиятли маҳалла” кўрик-танловидаги ғолиблик натижасида маҳалла кутубхонасига 10 миллион сўмлик китоблар тўплами тақдим этилди. Ички ариқлар бетонланди, пиёдалар йўлаклари қурилди ва болаларнинг мактаб ҳамда боғчага хавфсиз қатнови таъминланди.

Энг муҳими, ҳашар усулида “Тошкент”, “Даштобод” ва “Жозиба” кўчаларидаги 4,5 километрлик газ қувурлари янгиланиб, трубалар орқали 5 километрлик ичимлик суви тармоғи тортилиб, замонавий коммунал қулайликлар яратилди.  

Пресс-тур доирасида иштирокчилар Ҳакимбой ота Ҳасановнинг “Қуёшли хонадон” дастури доирасида қурилган уйида ҳам бўлиб, у ерда қуёш панеллари орқали энергия тежаш ҳамда томорқадан самарали фойдаланиш тажрибаси билан танишдилар.

–  Сармич ва Жўлангар фақатгина ободонликда эмас, балки аҳолининг уюшқоқлиги ва ҳамжиҳатлигида ҳам барчага намуна бўла олади, –  дейди маҳалла фаоли Умурзоқ Ярлақабов.  –  Бирдамлик туфайли кўплаб муҳим лойиҳаларни амалга оширишга эришдик. Бу натижалар мамлакатимиздаги ислоҳотлар ва “маҳаллабай” ишлаш тизимининг самарадорлигини яққол тасдиқлайди.

Айтиш жоизки, Боёвут туманидаги мазкур маҳаллалар ва уларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг жипслиги ҳамда ташаббускорлиги фаол фуқаролик позициясининг ёрқин намунаси сифатида бошқа ҳудудлар учун ибрат бўлмоқда.

Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари нафақат Маҳаллалар уюшмасининг туман бўлими ходимлари, балки маҳаллий аҳоли билан ҳам учрашиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири