Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказиб келинаётган мазкур анъанавий танлов жорий йилда бошқача тарзда ташкил этилди. Карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда танловнинг туман (шаҳар) босқичлари одатдагидан фарқли равишда, яъни танловда қатнашиш истагида бўлган 700 дан ортиқ талабгор томонидан, ягона электрон платформа орқали ҳужжатлар тақдим қилинган. Мазкур ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 майдаги фармойишига асосан танлаб олиниб, вилоят босқичига тавсия қилинди.
– Давлатобод тумани ҳудудидаги “Дўстлик” теннис кортида бўлиб ўтган вилоят босқичида 63 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлари ва хизмат турларини ўзида жамлаган кўргазмалари билан иштирок этди, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Қобилжон Жамолов. – Турли вазирлик ва қўмиталарнинг ҳудудий бошқармалари масъуллари ва жамоатчилик вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати танлов иштирокчилари орасидан ғолибларни саралашда тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш самарадорлиги, экспорт салоҳияти, яратилган иш ўринларининг кўлами, хизмат турлари оммабоплиги каби мезонларга алоҳида эътибор қаратди.
[gallery-2757]
Якуний хулосаларга кўра, “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг вилоят босқичида “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” – Наманган туманидаги “Merrymed farm” МЧЖ раҳбари Нозимжон Азизов, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” – Давлатобод туманидаги “Namangan-Istiqlol bog‘i” МЧЖ раҳбари Ҳикматжон Аҳмаджонов, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” – Наманган шаҳридаги “Namangan porloq ta’mirlash servis” МЧЖ раҳбари Жавоҳир Ёқубжонов, “Йилнинг энг яхши фермери” – Тўрақўрғон туманидаги “Karimov Yoqubjon saxovati” фермер хўжалиги раҳбари Юлдузой Каримова, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” – Наманган шаҳридаги ҳунарманд Ҳаким Тожибоев? ғолиб деб топилди.
Ғолиблар танловнинг 14-15 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган якуний босқичда иштирок этади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (ЎзА)