Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташаббус, рағбат ва самара
10:33 / 2016-03-17

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичида Китоб туманидаги “Китобмармар заводи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўткир Жўраев “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинациясида биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичида Китоб туманидаги “Китобмармар заводи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўткир Жўраев “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинациясида биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган кўрик-танловнинг вилоят босқичида мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган 41 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти иштирок этди.

Иштирокчилар орасида интилувчан ва ташаббускор ёшлар кўплиги айниқса қувонарлидир. Китоб қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Зиёда Абдурасулова шулардан бири. У 2015 йили “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилган “Менинг бизнес ғоям” танлови ғолиби сифатида 15 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредитни қўлга киритган.

– Айни пайтда 15 турдаги миллий либослар тикмоқдамиз, – дейди Зиёда. – Тижорат банкидан олинган кредит эвазига фаолиятимизни янада кенгайтириш ва яна 5-6 тенгдошимни иш билан таъминлашни мақсад қилганман.

Кўрик-танлов доирасида банк, лизинг хизматлари бўйича кўргазмалар ташкил этилди. Экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, импортдаги имтиёзлар, электрон декларациялаш тартиблари юзасидан фикр алмашилди.

Косон туманидаги “Ғайбулло Баҳриев” фермер хўжалиги раҳбари Баҳриев Хайрулло “Йилнинг энг яхши фермери”, шаҳрисабзлик ҳунарманд Рустам Музаффаров “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритди.

– Шундай нуфузли танлов ғолиби бўлиш зиммамизга янада масъулият юклайди, – дейди “Китобмармар заводи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўткир Жўраев. – Фаолиятимизни 2005 йилда қурилиш корхонаси сифатида бошлаган эдик. Мамлакатимизда яратилаётган шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, тармоқни кенгайтирдик. Хориждан келтирилган замонавий технологиялар микрокальцит, кальцийкарбонат, майдаланган мармар каби қурилиш маҳсулотига хомашё ишлаб чиқариш имконини берди. Айни пайтда корхонада 6 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йили хорижга 80 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Жорий йилда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини янада оширишни режалаштирганмиз.

Танловда “Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа муаллифи”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Энг яхши экспортчи”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби” каби ўндан зиёд номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.