Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги 16-сонли умумтаълим мактабида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва кенг қамровли ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон Исаков таълим муассасалари инфратузилмасини яхшилаш, ўқувчилар учун муносиб таълим муҳитини яратиш ва замонавий лойиҳаларни амалиётга жорий этиш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди.

Таъкидлаганидек, ҳудуддаги умумтаълим муассасаларининг 80 фоиздан ортиғи таъмирга муҳтож бўлган. Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ мактабгача ва мактаб таълими тизими инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида 512 миллиард 295 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Бу маблағлар ҳисобидан жорий йилда 47 та умумтаълим мактабида, 45 та мактабгача таълим муассасаларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 16 та мактабда реконструкция, 31 та мактабда эса мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани қайд этилди. Реконструкция натижасида 6 976 та қўшимча ўқувчи ўрни яратилиши режалаштирилган.Бундан ташқари, 10 та “Баркамол авлод” болалар маркази капитал таъмирдан чиқарилмоқда.
– Мактабгача ва мактаб таълими қамровини кенгайтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди, – дейди Даврон Исаков. – Вилоятда 6 та янги қурилиш ҳисобидан 900 ўрин, 40 та реконструкция натижасида 1 600 ўрин, 2 та мукаммал таъмир орқали 310 ўрин, давлат инвестиция дастури доирасидаги 3 та лойиҳа ҳисобига 200 ўрин яратилди. Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган 12 та боғчада 1 490 ўрин, 53 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари орқали 2 460 ўрин, таъмирланган 9 та гуруҳда 270 ўрин, 6 ёшли болалар учун ташкил этилган 7 та бепул тайёрлов гуруҳи орқали 170 ўрин, 39 та қисқа муддатли гуруҳда 1 025 ўрин ва мобил гуруҳлар ҳисобига 144 ўрин ташкил этилди. Жами 8 259 нафар бола мактабгача таълимга қамраб олиниб, вилоятда қамров даражаси 87 фоизга етказилди. Бундан ташқари, 15 та таълим муассасаси замонавий ўқув жиҳозлари ва мебеллар билан таъминланди. Бу нафақат моддий-техник базани мустаҳкамлаш, балки таълим сифатини оширишга хизмат қилади.

Матбуот анжуманида инфратузилмавий ўзгаришлар билан бирга таълимдаги амалий натижалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш механизмлари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир якунида “Долзарб 90 кун” тадбири доирасида амалга ошириладиган вазифалар ижроси, соҳага оид амалий ўзгаришлар, инновацион ёндашувлар ва келгусидаги устувор йўналишлар ҳақида жамоатчиликка маълумот берилди. Шунингдек, таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар аҳолининг фикр, таклиф ва эҳтиёжлари асосида йўлга қўйилаётгани, бу эса ижобий натижаларни таъминлаётгани таъкидланди.
Хулоса қилиб айтганда, вилоятда таълим соҳасидаги “Долзарб 90 кун” ҳаракат режаси доирасида муҳим натижаларга эришилди. Моддий-техник база мустаҳкамланди, таълим муҳити яхшиланди, ўқувчи ва тарбияланувчиларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чоралар кўрилди. Энг муҳими, бу ишлар изчил давом этадиган самарали тизимга айланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири