Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ташаббус илк натижаларни бера бошлади
17:34 / 2025-11-27

Сирдарё вилоятида 20 ноябрдан бошлаб амалга киритилган “Зарбдор 15-кунлик” акцияси қисқа фурсатда сезиларли натижаларни берди. Ҳозирга қадар 3814 гектар майдон шудгорланди, 1750 гектар майдонга экин экилди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги муҳокама йиғилишида акциянинг асосий мақсади — аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш, намуна кўрсатиш ва томорқа маданиятини ҳар бир маҳаллага кенг қўллаш эканлиги қайд этилди. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус маҳаллий аҳолида масъулият ҳиссини кучайтириш, ҳар бир хонадоннинг ердан самарали фойдаланишини таъминлаш ва вилоятда томорқа маданиятини барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, Ховос, Сардоба, Сирдарё ва Оқолтин туманларида экин экиш ишлари фаоллашгани қайд этилди. Маҳаллаларда шанбаликлар ташкил қилинди, сув чиқариш ва техника билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилди. Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар айрим раҳбарлар ва ташкилотлар томорқа ишларига етарли эътибор қаратмаганини кўрсатди ва бу ҳолатлар муҳокамада очиқ ва принципиал тарзда муҳокама қилинди.

Эркинжон Турдимов раҳбарлар аввало ўз хонадонларида намуна кўрсатиши, тезпишар экинлар экиши ва шахсий ташаббус билан иш бошлаши зарурлигини таъкидлаб, бундай амалий қадамлар бошқаларни ҳам илҳомлантиришини таъкидлади.

Акция доирасида намунавий хонадонлар сони ортиб, Ховос туманида 30 га яқин хонадонда кўкатлар экиш ишлари тезкор амалга оширилди, Оқолтинда янги иссиқхоналар қурилди, Сайхунободда маҳалла фаоллари аҳолини томорқа ишларига бирлаштиришда ташаббус кўрсатмоқда.

Вилоят ҳокимлигида маҳаллий тажриба ва ижобий мисолларни тарғиб қилиш, бошқа маҳаллаларда ҳам фаолликни ошириш вазифаси алоҳида белгилаб берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири