Президент соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус – 2021” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи якунланди.
Танловда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида юқори натижаларга эришган, фаолиятига инновацион ғояларни татбиқ этиб, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган 103 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.
Кейинги йилларда вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ёш тадбиркорларга кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш туфайли янги ишланма ва лойиҳаларни оммалаштираётган ташаббускорлар сафи кенгаймоқда.

Кўрик-танловда ҳайъат аъзолари иштирокчилар томонидан намойиш этилган маҳсулотларни кўздан кечириб, тегишли тартибда баҳолади.
Якуний натижаларга кўра, Оҳангарон туманидан “TREND TEX” МЧЖ вакили Улуғбек Исаев “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, "TURON RESORT AND SPA" МЧЖ вакили Саидазим Юнусхўжаев “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. Тошкент туманидан "CHOCOCREAM" МЧЖ раҳбари Элмурод Эргашев “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, Қибрай туманидаги "SADIBEK-ATAKENT" фермер хўжалиги раҳбари Мирзабек Юлдашбаев “Йилнинг энг яхши фермери”, Янгийўл туманида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор Беҳзод Мадраимов “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллади.

Маълумот учун кўрик-танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 900 нафардан ортиқ тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этган бўлиб, улардан 300 нафарининг фаолияти юқори баҳоланди.

Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаганлар танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
А.Мусаев, ЎзА