Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини маҳаллий ва халқаро жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Марказий Осиё тасаввуф тариқатларининг ижтимоий ҳаётдаги роли” мавзусида халқаро онлайн конференция ўтказилди.
Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Аҳмад Яссавий номидаги Қозоғистон-Туркия халқаро университети ва Нур-Муборак Миср ислом маданияти университети ҳузуридаги Абу Ҳанифа илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда юртимиз ҳамда Туркия ва Қозоғистондан йигирма нафарга яқин эксперт ва олимнинг маърузаси тингланди.
Маърузачилар Мовароуннаҳр, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудудида шаклланган кубровия, хожагон, яссавия, нақшбандия каби тасаввуф тариқатлари, ислом оламида чуқур из қолдирган диний-фалсафий таълимотларнинг тафаккур ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди. Хожа Аҳмад Яссавий таълимотининг моҳияти, нақшбандия тариқатининг вужудга келиши ва ўзига хос жиҳатлари, Яссавий ва қозоқ адабий мероси, нақшбандийликнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни, эпиграфик ёдгорликларда тасаввуфий шеърият, Ўрта Осиё тариқатларининг ички маданиятидаги ўхшашликлар, “Тасаввуф” атамасининг Марказий Осиёга кириб келиши, минтақамизда қаландарлик тариқатининг пайдо бўлиши ва ёрқин қирралари, Аҳмад Яссавий таълимотининг туркий халқлар учун аҳамияти каби мавзулар доирасида илмий маълумотлар билан ўртоқлашди.
– Тасаввуф тариқатлари мусулмонлар ахлоқи ва дунёқарашини шакллантиришга катта таъсир кўрсатиб, уларнинг нафақат руҳий-маънавий, балки ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. – Шу сабабли дунё бўйлаб тасаввуф тариқати билан боғлиқ жараёнлар устувор мавзулар сифатида ўрганиб келинмоқда. Ислом оламидаги қатор илмий тадқиқот марказларида тасаввуф таълимоти, тариқатлар ичида нақшбандиянинг ўрни, ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан боғлиқлиги, ёйилиши, маънавий силсиласи, тариқат намояндаларининг ўзаро муносабати, зикрнинг махфий ва жаҳрий кўринишлари улкан ҳудудлар бўйлаб кенг тарқалишига доир тадқиқотлар олиб борилаётгани эътиборга молик.
Иштирокчилар Ўзбекистонда сўнгги йилларда тасаввуф тариқатлари фаолияти ва илмий-маърифий меросини тадқиқ қилишга қаратилаётган юксак эътиборни алоҳида эътироф этди.
Анжуман ишини мустақил тадқиқотчилар ва қизиқувчи тингловчилар жами 40 нуқтадан туриб кузатиб борди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА