Жорий йилнинг 14 декабрь куни Тошкент давлат шарқшунослик университети Таржимашунослик ва халқаро журналистика кафедраси томонидан таржимашунослик йўналишида хорижий ва маҳаллий етук олимларни бир нуқтада бирлаштирувчи анъанавий “Таржимашунослар форуми – 2023” ташкил этилди.
Форумда университет ректори Гулчеҳра Рихсиева, TOBB ETU Тошкент доценти Нургул Бекар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, хорижлик ва маҳаллий олимлар иштирок этди.
- Бугунги кунда мамлакатимизда бадиий адабиёт асарларини ўзбек тилига ва она тилимиздан хорижий тилларга таржима қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Ундан ташқари, йирик халқаро форумлар, симпозиумлар ва анжуманлар ташкил этилиб, унда шарқшунос олимлар ва талабалар, таржимонлар фаол иштирок этиб келмоқда, – дейди университет ректори Г.Рихсиева. Ушбу форумдан кўзланган асосий мақсад маҳоратли, замон талабига жавоб берадиган таржимонларни тайёрлашнинг янги тамойиллари, услубларини ишлаб чиқиш ва таржимачиликнинг турли соҳалари ривожига илмий ҳамда амалий жиҳатдан ҳисса қўшишдан иборат.
Анжуман ялпи мажлисида маъруза қилган туркиялик, хитойлик, ҳиндистонлик ва япониялик олимлар ҳамда тадқиқотчилар ҳам мамлакатимизда таржимонлар тайёрлашдаги натижалар ва шарқшунос таржимонларнинг эришаётган ютуқларини эътироф этди.
Маҳфуза Ортиқова, ЎзА