“Халқаро минбар” лойиҳасида Мўғулистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жигжидсурэнгийн Нэргуйнинг “Таржимон учун асосий қурол она тилидир” мақоласи тақдим этилади.
Президент Ухнаагийн Хурелсух ташаббуси билан 30 сентябрь куни Улан-Батордаги Давлат саройида Мўғулистон таржимонларининг биринчи миллий форуми бўлиб ўтди.
Анжуманда таржимон, шоир, Хизмат кўрсатган маданият ходими, “Ғалаба симфонияси” ва “Кўнгил чўлоқ бўлмаса...” шеърий тўпламлари муаллифи, шунингдек рус тилидан америкалик, инглиз, поляк муаллифлари асарларини мўғул тилига ўгирган Жигжидсурэнгийн Нэргуй бадиий таржиманинг мураккаблиги ва хусусияти ҳақида гапириб, ўзининг бой тажрибаси, билими билан ўртоқлашди.
– Шоир ва ёзувчилар учун бирор хорижий тилни билиш, шунингдек бадиий таржима қила олиш жуда фойдали. Таржима сифати ҳақида нима дейиш мумкин? Ёзилмаган бир қонун бор: таржимонга ёзувчидан кўра кўпроқ масъулият юкланади. Шеър ёзсам-у, яхши чиқмаса, мен фақат ўзим учун жавобгарман. Билъакс, дунё китобхонлари меҳрини қозонган бирор улуғ, жаҳонга машҳур адибнинг асарини муваффақият ўгиришга эса ҳеч бир таржимоннинг ҳақи йўқ. Бошқача айтганда, таржимон, албатта, яхши ёзувчи ҳам бўлиши шарт.
Масалан, мен она тилимдан ташқари рус тилини мукаммал биламан. Айримлар таржимон бир неча тилни ўзлаштириши керак, дейишади, бу фикрга қўшилмайман. Инсон кўп тилларни мукаммал ўзлаштира олмайди. Ёш таржимонлар буни ёдда тутиши лозим.
Гарчи, лингвистик мактаб ёки университетни тугатмаган бўлсам-да, қобилиятим бор эди. 8-синфда Сергей Есениннинг “Қайин” шеърини мўғул тилига ўгирдим ва ўқитувчим олқишига сазовор бўлдим.
Болалигимда чинакам китобсевар эдим. Россияда аввалига тилни билмаганим учун ўқиш қийин кечди. Икки-уч ойдан кейин тинмай луғатдан фойдаланиб, ўзим учун рус ёзувчилари асарларини кашф қила бошладим. Кўп ўтмай китоблар маъносини тушуна бошладим ва иштиёқ билан мутолаага шўнғидим.
Болалигимиз чоғифонусимиз онамда бўлар эди. Ҳар кеча онам ёруғликни ўчириб, ётишим кераклигини айтмагунча, қўлимда китоб бўларди. Ўша пайт Мўғулистон қишлоқларида телевизор йўқ эди ва айнан шу сабаб менда ўқишга чексиз иштиёқ пайдо бўлган.
Қачонки таржима юракка жойлашсагина, ишни муваффақиятли, деб ҳисоблаш мумкин. Мабодо, таржима “қуруқ”, ифодасиз туюлса ва асл тилнинг тузилиши ўзгаришсиз, оддийгина такрорланса, бундай китоб ўқувчида чуқур таассурот қолдирмайди.
Таржимон учун асосий қурол – она тили. Европа тилларининг тузилиши мўғул тилидан сезиларли даражада фарқ қилади. Сифатли таржима қилиш учун ўша халқнинг тили, ҳаёти ва маданиятини чуқур билиш талаб қилинади. Қолаверса, асл матннинг мазмуни ва гўзаллигини етказиш учун ўз она тилингизни яхши билишингиз керак. “Қуруқ” таржима айнан она тилини етарли даражада билмаслик ҳосиласидир.
Хуллас, таржима ҳар ким учун ҳам “нон” эмас. Ўқувчининг идрокини суистеъмол қилиб бўлмайди.
Бугунги ҳамма смартфонга шўнғиб кетган. Тўғри, интернет ҳар қандай маълумотни олиш мумкин, телефонингиз шифокор, радио ва ҳатто телевизорга ҳам айланиши мумкин. Шу боис қоғоз китоб ўқиш камайиб, оғир қабул қилина бошлади.Энди кўпчилик мутолаадан қочиб, экрандаги маълумотга тезкор киришни афзал кўра бошлади.
Профессор Содовин Баясгалан кўпинча “таржима назарияси умуман йўқ” дея таъкидлайди. Менинг назаримда эса айрим асарларда назарияга амал қилиш зарур, чунки қадимий сўз ва иборалардан жуда ўринли ва ўз жойида фойдаланиш мумкин. 700 йил олдинги воқеани замонавий сўзлар билан ифодалаб бўлмайди, деб ҳисоблайман.
Ўтган аср 60-йиллари мамлакатимизда ҳақиқий “таржима бум”и юз берган. Ўша давр таржимонлари ҳақиқий мўъжизалар яратганлар. Ҳар бир китоб жонли санъат асарига айлантирилар эди. Бир сўз билан айтганда, зиёлиларимиз жаҳон маданиятини Мўғулистонга олиб кириш истаги билан ёнган.
Бугунги таржима тўлқинини, менимча, тил ўрганаётганлар билими, кучи ва қобилиятини синаб кўриш истаги сифатида баҳолаш мумкин.
Биз эса мўғулларни жаҳон мумтоз адабиётининг энг сара дурдоналари билан таништиришга интилаверамиз.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА