Таржима санъати, аввало, халқларни бир-бирига яқинлаштиришга кўмаклашади. Жаҳон адабиётининг нодир намуналарини ўз тилимизга таржима қилиш орқали китобхонларни бу асарлардан баҳраманд этиш эзгу иш, албатта.
Аммо ўзбек адабиётининг сара асарларини ҳам чет тилларига таржима қилиб, ўзбек адабиётини дунёга танитиш масъулияти ҳам бор.
Бугунги кунда ўзбек таржимашунослари бу масъулиятли вазифани қай даражада бажаришмоқда? Ёш таржимашуносларни қийнаётган муаммолар нималардан иборат?
Шу тўғрида айрим ёш таржимонларнинг фикрлари билан қизиқдик.
Нодирабегим Иброҳимова, адиба, таржимон:

- Таржимонлик – қора меҳнат, деб бежиз айтишмаган. Аввало, таржимон бўлиш учун инсондан сабр талаб қилинади. Шунингдек, у яхшигина китобхон, тафаккури бой, дунёқараши кенг бўлиши лозим, ўзи ҳам қалам тебратиб турадиган ижодкор бўлса яна яхши. Биласизми, бизда бу борада устоз-шогирдлик анъанасида узилиш сезилади. Катта таржимон дарғаларимиз ва ёшлар ўртасида кўприк йўқ. Ёшлар бадиий таржимонлик санъатини қаерда ўрганишлари мумкин? Бу савол жавобсиз, назаримда. Менга кўплаб ёш таржимонлар мурожаат қилади, улар илк бора қилган таржималарини кимга кўрсатишни, қаерга юборишни билмайди. Албатта, илк машқлар таҳрирга, тузатишларга муҳтож бўлади, уларни тўғри йўналтирадиган маслаҳатчилар жуда ас қотади. Имкон қадар йўл- йўриқ кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Адабий нашрларимиз таржима асарларни чоп этиб келмоқда. Аммо гонорар бериш тизими оқсайди. Мен таниган аксар таржимонлар азбаройи адабиётга меҳри туфайли ўзларига ёққан асарларни таржима қилиб келишмоқда, бироқ меҳнатларига яраша ҳақ олишмайди. Давлат нашриётлари таржима асарларни олмаяпти, улар фақат буюртмага ишлашяпти. “Ўзбекистон” нашриётига берган таржима асарларимни улар ўз ҳисобидан чоп этолмаслигини билдиришгач, хусусий нашриётларга беришга мажбур бўлдим.
Ўзбек ёш ёзувчилари ҳам аста секин жаҳонга чиқишмоқда. Панмедия даврида айниқса бу жараёнда ривожланиш сезилди. Рус, турк, озар, испан, хитой, украин, ҳинд тилларига ўгирилмоқда ҳикояларимиз. Ўз ўрнида жаҳондаги замондош ижодкорларнинг ҳам ҳикоя ва шеърларини ўзбек тилига ўгиряпмиз. Мен кўпроқ халқ ёзувчиларимиз, Қодирийдан тортиб Назар Эшонқул, Ойбекдан тортиб Зулфия Қуролбой қизи каби ёзувчиларимизнинг ҳикоялари чет тилларига ўгирилиб, дунёнинг турли нуқталарида ҳорижий тилларда чоп этилишини истардим.
Интернет ривожланган ҳозирги пайтда ҳорижий нашрларни топиш, алоқага чиқиш ва чоп этиш қийин эмас, аммо яна мавзу қалам ҳақи масаласига бориб тақалади. Масалан, бир неча ҳафта ўтириб Тоғай Муроднинг бир ҳикоясини чет тилига таржима қилсам ёки ҳорижлик таржимонларни топиб уларни испан ё хитой тилига ўгиртирсак, бунинг учун ким қалам ҳақи беради? Бизда ўзбек адабиётини чет элга тарғиб қилувчиларни моддий-маънавий қўлловчи ташкилот борми? Японлар Муракамини тарғиб қилиш учун қанча эътибор ажратишади, масалан. Биздаям ундан кам бўлмаган адиблар бор-ку, нега уларнинг жаҳон майдонига чиқиши учун ҳаракат қилинмайди?
Таржимонлар фонди очилса ва ёш таржимонлар ўзбек адабиётини ҳорижга тарғиб қилиши учун қўллаб борилса, қанчадан қанча ишлар қилиш мумкин. Тил биладиган, таржимонликка қўли келиб қолган ёшлар жудаям кўп. Улар таржимонлик касбидан яхши даромад топа бошласа, қанча яхши асарларни таржима қилишмайди, дейсиз. Спортчиларга, санъаткорларга берилаётган эътибордан бир чимдим таржимонларга ҳам ажратилса, ўзбек адабиёти бир неча йилдаёқ жаҳон адабий муҳитида ўз ўрнига эга бўларди. Мен кузатдим, уммон ортидаги ўқирманлар ўз тилларига ўгирилган ўзбек ёзувчиларининг ҳикояларига яхши баҳо беришяпти, илиқ фикрлар ёзишмоқда. Аммо булар жуда саноқли. Катта романлар билан ҳам жаҳонга чиқиш керак. Шунингдек, албатта бадиий таржима мактабини шакллантириш, устоз-шогирдлик анъаналарини қайтариш, моҳир таржимонлар мастер- классларини ўтказиш керак. Юқоридаги омиллар амалга ошиши ёш таржимонларнинг келажакда бу соҳани ташлаб кетмасликларида катта роль ўйнайди.
Шерзод Ортиқов, ёзувчи, таржимон:

- Ҳозирги кунга келиб ўзбек адабиёти бадиий таржимасининг савияси ҳам, сифати ҳам анча тушиб кетди. Бу, биринчи навбатда, охирги йилларда юртимиз бўйлаб пайдо бўлган ва фаолият юритишни бошлаган янги хусусий нашриётлар билан боғлиқ. Улар хорижий тилдаги бадиий ва нон-фикшн асарларни таржима қилдириб, нашр қилдиришяпти. Таржималарини кўрсангиз матннинг ғализлигидан, ҳатто у ердаги замон феълларининг чалкаштирилганидан ҳайратга тушасиз. Чунки ўша таржимонлар ёш ва тажрибасиз. Ҳатто, талаба кўпи. Кечирасиз-у, хорижий тиллар факультетида ўқияпти, инглиз ёки олмон тилини билади, дегани бу ҳали бадиий таржимон дегани эмас. Бадиий таржимон бўлиш учун аввало ўзбек ва жаҳон адабиётини, филологияни чуқур билмоқ керак. Қолаверса, ҳаётий тажриба ҳам бўлиши керак. Бирор бир хориж ёзувчисининг катта романини ҳали ғўр гўдакларга таржима учун топшириб қўйиш қанчалик тўғри.
Кейинги пайтларда кузатяпман, бизда ўзбек таржимачилик мактаби охирги йилларга келиб анча оқсаб қолди. Иброҳим Ғофуров, Асил Рашидов, Олим Отахон, Низом Комил, Қодир Мирмуҳаммедов каби устоз-таржимонлар асос солган ва шакллантирган бу мактабнинг муносиб ва фаол давомчилари кўзга ташланмаяпти. Ёшлар орасида бадиий таржима авж олган, қизиқиш катта, лекин уларга профессионаллик ва билим, шунингдек, кенг дунёқараш етишмаяпти. Айтайлик, улар инглиз ёки Лотин Америкасидан бирор бир адибни таржима қилишяпти, лекин ўша юрт ҳақида, унинг урф-одатлари ҳақида деярли маълумотга эга эмас. Бундай шароитда улар асар муаллифининг руҳиятига қандай қилиб тушади? Таржималари аслият билан солиштирганда сифатсиз чиқмайдими?
Файзулло Яҳёев, ЎзА